Покистондан Ўзбекистон зиёрат туризми дастури бўйича дастлабки зиёратчилар гуруҳи келади

03.02.2021 13:47

ТОШКЕНТ, 3 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов Покистон Нақшбандия тариқати етакчиси Пир Нақиб ур-Раҳмоннинг вакили Маҳмуд Чаудри Ҳамид билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати манбасига кўра,  тадбирда М.Комилов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маммлакатимизда туризм, хусусан, зиёрат туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида, Маҳмуд Чаудри Ҳамид самимий қабул ва мулоқот учун миннатдорлик билдириб, Нақшбандия тариқати вакиллари учун Бухорои шариф Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидан кейин турувчи муборак маскан эканини қайд этди. Шунингдек, ўз мамлакатида Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилувчи кишилар кўплиги, икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиши кўплаб покистонликларнинг Ўзбекистонга зиёрат қилишига имкон беришини таъкидлади.

Музокара чоғида жорий йилнинг 5-11 февраль кунлари Покистондан гуруҳ таркибида келувчи дастлабки зиёратчиларнинг ташриф дастури, Покистон Нақшбандия тариқати ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасидаги зиёрат туризм бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаш масалалари муҳокама этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net