Парижнинг машҳур кўчасида ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотлари савдо уйи очилди

12.09.2020 17:01

ПАР?Ж, 12 сентябрь. /«Дунё» АА /. Хорижий мамлакатларда ўзбек ҳунармандчилик маҳсулотларининг савдо уйлари ва «шоу-рум»ларининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Париж - дунё маданий пойтахтларидан биридир. Бой тарих ва маданий меросга эга бу тарихий шаҳар нафақат Европа, балки жаҳон миқёсидаги йирик сайёҳлик марказлари қаторига киради.

Франция пойтахтининг марказий қисмидаги Риволи кўчаси Лувр музейи, «Тюильри» боғлари, Париж мэрияси, кўплаб галереялар ва савдо майдончалари каби диққатга сазовор жойларга эга бўлган энг узун ва энг машҳур бульвар ҳисобланади.

Яқинда айнан ушбу машҳур кўчада ўзбек халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик савдо уйи очилди. Бу ерда Ўзбекистоннинг энг яхши усталари томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик намуналари —сопол идишлар буюмлари, сўзана, ўйма ва бўялган миниатюралар, қўлда тўқилган гиламлар, ўйинчоқлар, кандакорлик буюмлари ва бошқа маҳсулотлар жой олди.

Бундан ташқари, савдо уйида таниқли ўзбек дизайнери ва каштачилик устаси Мадина Қосимбоеванинг анъанавий миллий либослари, Риштон ва Бухоро кулолчилик мактаблари вакиллари Алишер Назиров ва Абдулвоҳид Бухорий яратган буюмлар, рассом Бобур ?смоилов картиналари, шунингдек, Европадаги таниқли миниатюрачи Даврон Тошев асарлари намойиш этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Париж мэри Анн ?дальго Ўзбекистон савдо уйи очилишини олқишлаб, у Франция пойтахтида бой ўзбек маданий меросини оммалаштиришгахизмат қилишига умид билдирди.

Тантанали очилиш маросимида Европа мамлакатлари, жумладан Францияда сўнгги йилларда ўзбек халқи урф-одатлари ва маданияти тобора оммалашиб бораётгани таъкидланди. Савдо уйи фаолиятининг биринчи кунидаёқ сопол, ипак, ўймакорлик маҳсулотлари, ўйма қутичалар ва бошқа маҳсулотлар кўплаб меҳмонлар томонидан сотиб олинди. Парижликлар ва Франция пойтахти меҳмонлари маҳсулотларнинг нархи аҳолининг кенг қатлами учун мўлжалланганидан мамнун.

«Дунё» АА мухбири савдо уйининг биринчи мижозлари ва ходимлари билан суҳбатлашди.


Понтье Элиз, костюмлар бўйича дизайнер:

— Мен мана бу чиройли чопонни сотиб олдим. Бу ерга тез-тез келиб, кийимларимни Ўзбекистоннинг гўзал маҳсулотлари билан бойитиш ниятидаман. Ушбу анъанавий ўзбек чопони нафис ва ўзига хос декоратив услубда тикилган. Тикув усуллари ва каштадўзлик нақшлари жуда таъсирчан. Савдо уйининг очилишидан хурсандмиз. Бу ерда Ўзбекистон маданияти ва миллий урф-одатлари ҳақида ҳам кўп маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Мартин Жанна, савдо уйи ходими:

— Ўзбекистондан келган эсдалик совғалари ва амалий санъат буюмлари шарқона жозибаси, юқори сифати ҳамда мақбул нархлари билан ажралиб туради. Ҳар бир маҳсулот жуда чиройли ва моҳирона ишланган. Ўйлайманки, ушбу лойиҳа Франция жамоатчилиги ўртасида мамлакатингизнинг маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net