Озарбайжонда «Қиёсий адабиётшунослик» халқаро илмий журналининг махсус сони ўзбек адабиётига бағишланди

16.01.2021 12:41

БОКУ, 15 январь. /«Дунё» АА/. Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти «Қиёсий адабиётшунослик» халқаро илмий журналининг махсус сони Ўзбекистон-Озарбайжон илмий-адабий алоқаларига бағишланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Лойиҳа мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Журналнинг «Адабиётдан адабиётга» сарлавҳали кириш мақоласи билан бошланган махсус сонида ўзбек адабиётининг таниқли намоёндалари, жамоат арбоблари ҳақида ранг-баранг материаллар эълон қилинган.

Шунингдек, нашрдан озарбайжонлик таниқли олимларнинг ўзбек илмий-адабий муҳити, икки халқ ўртасидаги бой адабий алоқалар ҳақидаги тадқиқотлари ва фикр-мулоҳазалари ўрин олган.

Жумладан, «Устоз Алишер Навоий ва Бобур», «Қиёсий адабиётшунослик - адабий алоқалар», «Амир Темур адабиётда», «Янги ўзбек адабиёти: Озарбайжондан нигоҳ» ва «Бадиий таржима масалалари» сарлавҳали таҳлилий адабиётшуносликка оид мақолалар наинки ўзбек адабиёти мухлислари, балки оддий ўқувчиларни ҳам қизиқтириши аниқ. Уларда ўзбек мумтоз адабиётининг бой  тарихи, забардаст ёзувчи ва шоирлари, адабиётни улуғлаган давлат арбоблари, шунингдек, замонавий адабиётимизнинг ютуқлари эътироф этилган.

Бундан ташқари, журналнинг «Биродарлик туйғулари» бўлимида ўзбек ва озар шоирларининг икки биродар халқ дўстлигини тараннум этувчи «Озарбайжондан салом» ва «Ўзбекистондан қараганда» туркумидаги шеърлари чоп этилган.

Нашр саҳифаларида, шунингдек, «Суратларда яшаётган биродарлик ва ҳамкорлик» мавзусида Ўзбекистон-Озарбайжон адабий алоқалари ва халқаро тадбирлар жараёнлари ҳамда икки мамлакат олимлари учрашувларидан олинган фотосуратлар берилган.

Таъкидлаш керакки, «Қиёсий адабиётшунослик» халқаро илмий журналининг махсус сони Ўзбекистонга бағишланиши ўзаро дўстлик ва биродарлик муносабатларининг тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net