Озарбайжон элчиси: “Дўстлик ва ўзаро ишончни янада мустаҳкамлаш устувор вазифамиздир”

30.07.2020 14:13

ТОШКEНТ, 30 июль. /«Дунё» АА/. 1 сентябрь — Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни яқинлашмоқда. Коронавирус пандемияси синовига қарамасдан ушбу байрам ўз аҳамияти ва улуғвор тантанасини йўқотмайди. Мустақиллик байрами умумий бирдамлик муҳитида, Ўзбекистон дўстлари ва шерикларининг анъанавий ҳамда самимий табриклари руҳида ўтишига шубҳа йўқ. Боиси мамлакатимиздаги изчил ўзгариш ва янгиланишлар жараёнига хайрихоҳ инсонлар сафи жуда ҳам кенг.

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида «Дунё» ахборот агентлиги мамлакатимизнинг хорижий ҳамкорлар билан серқирра муносабатларини ривожлантиришдаги ютуқларга бағишланган суҳбатлар тайёрламоқда. Ушбу туркум Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гусейн Гулиев билан суҳбатдан бошланмоқда.

— Жаноб элчи, суҳбатимиз Ўзбекистон мустақиллиги кунига тайёргарлик арафасида бўлиб ўтмоқда. Сизнинг мамлакатимиздаги фаолиятингиз давомида ўзбек заминида кечаётган барча жараёнларни бевосита кузатиб бориш имконига эга бўлмоқдасиз. Сизнингча, қандай омиллар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожини белгиламоқда?

— Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори даражада. Улар мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор асосида ривожланмоқда.

Стратегик шериклик нафақат қардошлигимиз ва дўстлигимиздан далолат беради, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда умумий мақсадлар йўлидаги ёндашувларни ифода этади.

Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни янада чуқурлаштириш бизнинг устувор мақсадларимиздир.

Эришилган натижалар табиий равишда чуқур тарихий илдизлар, халқларимизнинг миллий урф-одатлари, тиллари ва маданиятлари яқинлиги билан боғлиқ. Шунингдек, бу ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдеворнинг бир қисмидир.

Халқларимиз ўртасида кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталарига қўшимча равишда, биз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга биринчи ташрифи ва Озарбайжон Республикаси Президенти ?лҳом Алиев билан самимий муҳитда ўтган учрашуви якунлари ўзаро муносабатларимизнинг ҳозирги босқичида қардошлик алоқаларини янада мустаҳкамлашнинг асосий омили эканини ишонч билан айта оламиз.

Доим Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, чунки интилишларимиз халқларимиз манфаатларини таъминлаш, тараққиётга эришишга қаратилган. Ушбу мавзу биз учун ҳар дам долзарб ва муҳимдир.

— Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент сифатидаги вазифасига киришгандан буён Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу ўзгаришлар даврида мамлакатларимизнинг дўстона алоқалари ва манфаатли ҳамкорлигини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилган қайси жиҳатни алоҳида қайд этган бўлардингиз?

— Ўзбекистонни ҳақли равишда Марказий Осиёнинг юраги, деб ҳисоблаш мумкин.

Минтақадаги ҳар қандай муҳим масалани Ўзбекистоннинг иштирокисиз ҳал қилиб бўлмайди. Ўзбекистон Президенти томонидан узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат мамлакатда ва умуман минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар билан муносабатларни барқарорлаштириш бўйича муҳим қадамларни қўйди ва бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё минтақасининг салоҳиятини сезиларли даражада оширди.

Давлат раҳбари янги Ўзбекистон сиёсатини «миллий уйғонишдан миллий тараққиётга" шиори билан аниқ белгилаб берди. Биз мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини кўрмоқдамиз. Давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳалари янгиланди.

Ўзбекистоннинг замонавий ва ривожланган мамлакатга айланаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ташқи сиёсатнинг фаоллашиши, ижтимоий-иқтисодий ўсиш — буларнинг барчаси ривожланишдан далолат.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи ва ички сиёсатининг асосий, ҳал қилувчи унсури – тинчлик, миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенгликдир.

Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда манфаатли ҳамкорликка кўплаб мисоллар бор. Аммо қадимги Буюк ипак йўли орқали юк ташиш ҳажмини оширишга хизмат қиладиган ва мамлакатларимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайдиган транспорт соҳасидаги ҳамкорликни алоҳида таъкидлашни истардим.

Бокуда ҳар йили анъанага кўра дунё раҳбарлари, шунингдек, жамоат ва сиёсий ҳаётнинг таниқли намояндалари орасидан «Йил одами» аниқланади. «Tarixi Şəxsiyyətlər» (Тарихий шахслар) журналининг таҳририят кенгаши бир овоздан қабул қилган қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжонда «Йил одами», дея эътироф этилди. Шу муносабат билан «Tarixi Şəxsiyyətlər» журналининг махсус сони Ўзбекистон Президентига ва бутун мамлакатга бағишланди.

Аввалроқ бу мукофотга Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййиб Эрдўғон ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин сазовор бўлган эди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Йил одами» деб эълон қилиниши - бу Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси, мамлакат етакчисининг улкан сиёсий иродаси эътирофидир. Унинг хизматлари билан қисқа вақтда мамлакатингиз улкан тараққиётга эришди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев бутун озар халқининг ҳам меҳр-муҳаббатига сазовор бўлди.

— Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши (ТТДҲК) доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини қандай баҳолайсиз?

— Ўтган йили Бокуда Ўзбекистонни Туркий кенгашга қабул қилиш жараёни якунланди. Ушбу воқеа эсда қоларли дамда — Туркий кенгашни таъсис этиш тўғрисида Нахичеван битими имзоланганининг ўн йиллигида юз берганида рамзий маъно бор.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этиш учун Бокуга ташрифи ва унинг доирасида Озарбайжон Республикаси Президенти ?лҳом Алиев билан учрашуви, менинг назаримда, туркий дунё муносабатлари тарихидаги муҳим воқеа бўлди.

Ўйлайманки, икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларда янги уфқларни очишда бошқа давлатлар учун намуна бўлади.

Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, маданият ва сиёсат соҳасидаги қўшма тадбирларида доим ижобий натижалар қайд этилган. Бугунги кунда 80 дан ортиқ Озарбайжон ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этяпти.

Эътиборингизни Туркий кенгаш доирасида Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган шартномалар қийматининг 500 миллион долларга тенглигига қаратмоқчиман. Умуман олганда, Озарбайжон ?қтисодиёт вазирлигининг маълумотларига кўра, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳозирги кунда 7 миллиард долларни ташкил этади. Ўзбекистон Кенгашга кириши самарасида мазкур кўрсаткич 12 миллиард долларгача кўтарилиши кутилмоқда. Кенгашга аъзо мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 1,5 триллион долларга тенг. Бу жуда катта имкониятдир.

Туркий кенгашга аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтириш дунёдаги сиёсий ва иқтисодий зарбаларга қарши турғунликни кучайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу сабабли Озарбайжоннинг Туркий кенгашга раислиги даврида, шу жумладан, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида нималар сизда алоҳида қизиқиш ва ўзгача таассурот қолдирди?

— Озарбайжонда Ўзбекистон билан дўстлик ҳамда биродарликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга алоҳида эътибор билан қаралади. Шу сабабли, бизда ўзбек халқи ва Ўзбекистон давлатчилиги ғояларига ҳурмат билан ёндашишади. Халқларимизнинг қардошлик алоқаларига доим устувор аҳамият қаратилган.

Шунингдек, буюк ўзбек халқининг меҳнатсеварлиги ва сахийлигига қойил қоламан. Озарбайжонда бундай маданият ва тарбия жуда ҳурмат қилинади. Озар халқининг фарзанди сифатида бундан миннатдорман ва ўз ташаккуримни билдиришни катта шараф, деб биламан.

— Мустақиллик куни муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

—Фурсатдан фойдаланиб, қардош ўзбек халқига равнақ, фаровонлик ва тинчлик, мамлакат раҳбарияти билан эзгу ғояларни амалга оширишда бирдамлик тилайман.

Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, биродарлик абадий бўлсин!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net