ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонга 54 миллион доллар имтиёзли кредит ажратди

26.02.2020 11:14

ВЕНА, 26 февраль. /"Дунё" АА/. ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонга 54 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратди. Ушбу маблағлар Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ва Наманган шаҳрининг 22 та аҳоли пунктида ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш учун йўналтирилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабарига асосланиб.

Шу муносабат билан Венада шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди. Ҳужжатни Ўзбекистон ҳукумати номидан элчи Шерзод Асадов ва ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси номидан бош директор Абдулҳамид Алхалиф имзолади.

Лойиҳа доирасида халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган сув таъминоти инфратузилмаси яратилади. Натижада Наманган вилоятининг қишлоқ жойларида яшовчи 200 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади.

ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси Бош директори Ўзбекистон билан ҳамкорлик фаол ривожланаётганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолаб, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга умид билдирди.

Қароргоҳи Вена шаҳрида жойлашган ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси 1975 йилда ташкил этилган бўлиб, ривожланаётган давлатларни ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳукуматлараро молиявий ривожланиш институти ҳисобланади.

Ушбу тузилма 1999 йилдан буён Ўзбекистонда давлат секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион доллар бўлган 7 та лойиҳани амалга оширди.

Маблағнинг 47,2 миллион доллари ичимлик суви ва санитария соҳасидаги лойиҳалар учун имтиёзли кредитлар тарзида тақдим этилди. 12,73 миллион доллари эса қишлоқ хўжалиги, 5 миллион доллар транспорт ва таълимни ривожлантиришга йўналтирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net