Олмалиқ кон-металлургия комбинатида мис ва олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3 бараварга оширилади

27.05.2020 10:01

ТОШКЕНТ, 27 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари масаласига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Йиғилишда ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 38 та, Тошкент вилоятида 89 та, Хоразм вилоятида 41 та лойиҳа орқада қолаётгани танқид қилинди.

26 май куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатида рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Унга кўра, металлургия комплекслари ва 2 та мис бойитиш фабрикаси барпо этиш орқали мис ва олтин ишлаб чиқариш ҳажми 3 бараварга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Жорий йилги вазиятни инобатга олиб, кечиктириш мумкин бўлган қурилишлар учун ажратилган 450 миллиард сўм ?нвестиция дастуридан чиқарилган эди. Бу маблағнинг 150 миллиард сўми 40 минг гектар ерни ўзлаштириб, 80 мингта доимий иш ўрни яратишга йўналтирилди.

– Ҳар бир лойиҳани амалга оширишдан олдин ушбу объект ҳудуд ривожига ҳамоҳангми, бундан аҳолига наф борми, қанча одам иш билан таъминланади, деган саволларга жавоб топиш шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Келгуси йилдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан йирик объектларни лойиҳалашдан тортиб, уларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар халқаро меъёрлар асосида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, лойиҳалашга маблағ ажратиш бўйича қўйилган чекловлар бекор қилинади.

Қурилиш вазирлиги лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қуриш, экспертизадан ўтказиш бўйича халқаро стандартларни жорий этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net