Олий Мажлиснинг Япония парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн-йиғилиши бўлиб ўтди

04.03.2021 12:32

ТОШКЕНТ, 4 март. /«Дунё» АА/. Кеча Олий Мажлиснинг Япония парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Парламент қуйи палатаси манбасига кўра, онлайн-тадбирда депутатлар, мамлакатимизнинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Ёшинори Фужияма иштирок этди.

Онлайн учрашувда парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, томонларни халқаро ташкилотлар доирасида қўллаб-қувватлаш, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар алоқаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда парламентлараро алоқаларнинг муҳим аҳамияти қайд этилди. Чунки бу барча соҳаларда халқаро шартномаларни ратификация қилишда катта рол ўйнайди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Ак Саидов Японияга бу йил Олимпия ва Паралимпия ўйинларини муваффақиятли ўтказишини тилаб, бу Япония Бош вазири ўринбосари Ёшиҳиде Суга таъкидлаганидек, халқаро ҳамжамиятнинг коронавирус устидан ғалабасини белгилаши кераклигини айтиб ўтди.

Дунёда COVID-19 пандемияси тарқалиши кўлами ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Томонлар ушбу глобал таҳдидга қарши кураш бўйича  Ўзбекистон ва Япония ҳукуматлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот беришди. Коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларига қарши курашишда парламентларнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланди.

Пандемиянинг савдо-иқтисодий алоқаларга салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш зарурлигига эътибор қаратилди.

 Ўзбекистон томони ёш япониялик парламентарийларни ёшлар ҳуқуқлари бўйича Жаҳон конференциясида иштирок этишга таклиф этди.

Томонлар халқаро ташкилотлар платформаларида ҳар икки мамлакат ташаббусларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net