ТОШКЕНТ, 9 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева кеча Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод Амреев билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири
Парламентнинг юқори палатаси маълум қилишича, учрашувда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг иштирокчи мамлакатлари ўртасида турли соҳалардаги амалий ҳамкорликни, шу жумладан Туркий тилли давлатлар Парламент ассамблеяси доирасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг Туркий Кенгаш мамлакатлари билан муносабатлари изчил ривожланиб бораётганлиги таъкидланди.
Бағдод Амреев Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши, ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, Марказий Осиё мамлакатлари билан, шунингдек Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши маконида дўстлик ва яқин қўшничиликни мустаҳкамлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.
Суҳбатдошлар, шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши вазифаларини амалга оширишда аёллар ва ёшларнинг ролини кучайтириш муҳимлигига эътибор қаратди.