Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг йиғилишида амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар таҳлил қил

05.12.2020 09:50

ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Кеча Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири  Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати маълумотига асосланиб.

Унда комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари  иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий Комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борган ушбу мажлисда республикада чақалоқ савдосининг олдини олиш, унинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари ва мавжуд муаммолар ҳамда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми давомида мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ва уларнинг самарадорлиги танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси ?чки ишлар вазирлигининг Республикада чақалоқ савдоси жиноятларини эрта аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлигининг Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ҳамда  Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўз тизимидаги муассасаларда чақалоқ савдосининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тўғрисидаги ахборотлари тингланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида чақалоқ савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш ишларини янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича кўрилган чораларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди.

Жумладан, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, журналист ва блогерлардан иборат 13 та, Давлат меҳнат инспекторлари иштирокида 6 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, аҳоли, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишлари ўтказилди. Жойлардан тушган мурожаатлар зудлик билан ўрганилгани ҳамда аниқланган муаммолар жойида бартараф этилгани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган ва муносиб меҳнат шароитлари яратилишига етарли эътибор қаратмаган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилгани таъкидланди.

Йиғилишда жойларда мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Наманган, Жиззах, Тошкент, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимликларининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

Миллий комиссия аъзолари ушбу вилоятларда пахта йиғим-терими мавсуми давомида теримчилар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, уларнинг пулларини ўз вақтида берилишини таъминлаш, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар талаб даражасида ташкил этилмаганлиги танқид қилинди.

Муҳокамалар якунида кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net