Одам савдосига қарши курашиш бўйича 20-халқаро анжуманда Ўзбекистон тажрибаси тақдим этилди

21.07.2020 14:53

ТОШКЕНТ, 21 июль. /«Дунё» АА/. «Жазосизликнинг олдини олиш: одам савдосига қарши самарали суд жараёни орқали адолатни тиклаш» мавзусида видеоконференцалоқа тарзида 20-халқаро анжуман бўлиб ўтяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати манбасига асосланиб.

ЕХҲТнинг Одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакил ва мувофиқлаштирувчи идораси томонидан ташкил этилган тадбирда ЕХҲТга аъзо 57 та давлат, ташкилотдаги одам савдосига қарши курашиш алянсининг 11 та ҳамкорлари, халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро оммавий ахборот воситалари, бизнес ҳамда илмий доира вакиллари иштирок этмоқда.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон делегацияси таркибида Сенат Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари қатнашмоқда.

Конференцияда ЕХҲТ томонидан одам савдосига қарши курашиш борасидаги илғор тажрибани инобатга олган ҳолда Ўзбекистон асосий маърузачи сифатида танланди.

20-халқаро анжуманда Олий Мажлис Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар, жумладан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, одам савдосидан жабрланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ушбу турдаги жиноят учун жазо муқаррарлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан батафсил ахборот берди.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳада 15 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, — деди Т.Норбоева. — Президент фармони билан Сенат Раиси раҳбарлигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил қилиниб, ушбу масала бўйича «Миллий маърузачи» институти жорий этилди. Бундан ташқари, Миллий комиссия томонидан халқаро ташкилотлар тавсиялари асосида мамлакатимизда одам савдоси ҳамда мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлар ва улар натижалари доимий таҳлил қилиб борилмоқда.  

Конференцияда олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида мазкур йўналишга оид жиноятчилик кўрсаткичлари камайиб бораётгани, бу жараёнда фуқаролик жамияти институти, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тутган ўрнига юқори баҳо берилди.

Шунингдек, одам савдосига оид жиноятлар билан шуғулланадиган органлар ходимларининг малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашишларни йўлга қўйиш, бу борада ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net