Меҳмет Сурейя ЭР: “Бугун Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг энг самарали давридамиз”

31.07.2020 12:32

ТОШКЕНТ, 31 июль. / “Дунё” АА/. Ўзбекистон билан Туркияни муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналарга асосланган яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари бирлаштириб туради. Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олгани ҳам ана шу қардошликнинг юксак ифодасидир.

Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон ва Туркия алоқалари стратегик шериклик даражасига чиқди.  Давлат раҳбарлари иштирокидаги олий даражадаги учрашув ва музокараларда мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу икки мамлакат ишбилармон доиралари учун қулай шароит яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш, қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини амалга ошириш каби кўплаб йўналишларда ўз аксини топмоқда. 

«Дунё» АА мухбири Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси  Меҳмет Сурейя ЭР билан ўзаро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари хусусида суҳбатлашди.

— Жаноб элчи, мулоқотимиз Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида бўлиб ўтмоқда.  Қардош ва дўст турк халқи, Ўзбекистоннинг ишончли стратегик шериги бўлган давлатнинг мамлакатимиздаги вакилисиз. Республикада амалга оширилаётган барча жараёнларни бевосита кузатиб бориш имкониятига эгасиз. Сизнинг фикрингизча, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарилишида қайси асосий омиллар ҳал қилувчи хусусиятга эга бўлмоқда?

— Аввало дўст ва қардош Ўзбекистон раҳбарияти ва халқини Мустақиллик байрами муносабати билан чин қалбимдан муборакбод этишни истайман.

Мазкур эзгу байрам арафасида фикрларимни билдирар эканман, албатта Туркиянинг Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган давлат эканини яна бир бор ёдга олиш ўринли деб биламан. Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олганимизнинг рамзий маъноси бор. Бу биз учун икки халқнинг узоқ давом этган айрилиқдан кейинги бирлашишини англатади.

Бизнинг тарихий алоқаларимиз ва давом этаётган чуқур инсоний муносабатларимиз асрлар давомида мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асосини ташкил этиб келган. Бугун Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг энг самарали давридамиз.

Ўзаро алоқаларимиз, айниқса, сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Сиёсий, иқтисодий, савдо, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб, аниқ натижалар бўй кўрсатмоқда. Мана шундай тарихий даврда биз учун ота юрт ҳисобланган заминда Туркиянинг элчиси бўлиб ишлаш  мен учун катта фахр.

Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги даражадаги жадал ривожланиши замиридаги энг муҳим ҳаракатга келтирувчи куч, албатта, олий даражадаги сиёсий иродадир. Президентлеримиз Ражаб Тойиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги яқин дўстлик муносабатлари ҳамда уларнинг ҳамкорлигимизни ривожлантириш бўйича берган аниқ кўрсатмалари ўзаро алоқаларимизнинг барча соҳаларда шиддат билан ривожланишига туртки бўлмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарига таянган стратегик шериклик муносабатларининг ўзагини ташкил этувчи ўзаро ишонч ва ҳамфикрлилик фаолиятимизнинг асосига айланган.

Ана шу манбалардан сув ичган икки томонлама алоқаларимиз иқтисодиёт соҳасидан маданиятгача, таълимдан транспортгача, энергетикадан соғлиқни сақлашгача, туризмдан спортгача бўлган барча соҳаларда кун сайин кенгаймоқда ва чуқурлашиб бормоқда. Парламентлар, вазирлик ва расмий идоралар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасида ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Ҳатто ҳозир бутун дунё ўз бошидан ўтказаётган COVID-19 пандемияси даврида ҳам мулоқотлар ва музокараларимиз тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча янги ҳамкорлик саҳифаларини очишга интилаяпмиз.

 — Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсат жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Табиийки, бу мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик алоқалари, кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда...

— Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳаётга тадбиқ этилаётган кенг кўламли амалга оширилган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг жадал ривожланиш ва ўсиш палласига киришига имконият яратди. ?слоҳотлар туфайли жуда қисқа вақт ичида иқтисодиёт, ижтимоий ривожланиш, инсон ҳуқуқлари, таълим, информацион технологиялар, саноат, адлия, экология каби кўплаб соҳаларда улкан марраларга эришилди. Биз бу ислоҳотларни ҳамиша қўллаб-қувватлаймиз.

Ўзбекистоннинг ривожланишига имкон қадар ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан мамнунмиз. Мамлакатимиз тажрибасини ҳар соҳада қардош Ўзбекистон билан ўртоқлашяпмиз. Бошқа томондан, ташқи сиёсатда Президент  Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган қўшни давлатлар билан тинчлик, барқарорлик ва фаровонлик сиёсати кўп томонли платформаларда Ўзбекистоннинг мавқеини янада оширди. Шунингдек, дипломатия йўналишида ҳам Ўзбекистон бошқа мамлакатлар билан муносабатларда кутилган даражага тезлик билан кўтарилишга эришди.

Албатта, бу ислоҳотлар Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлик алоқаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинган 2019 йилда мамлакатга киритилаётган инвестициялар ҳажмини ошириш, ўзаро савдо алоқаларини янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш учун катта қадамлар қўйилди. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатларимиз ўртасидаги савдо алоқаларининг ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Яратилган ҳуқуқий замин ва рағбатлар туфайли ўзаро савдо ҳажмини  давлат раҳбарларимиз томонидан белгилаб берилган 5 миллиард долларлик маррага етказиш йўлида тизимли ишлар амалга оширдик.

Бундан ташқари, ҳуқуқ устуворлиги тамойилининг кучайтирилгани барча  соҳаларда ҳамкорлигимизнинг ривожланиши учун ишончли муҳит яратди. Тадбиркорларимиз кўнгилларини тўқ қилиб, Ўзбекистонда бизнесини юрита олишига кўзи етгани сайин, ўзаро инвестиция ва савдо муносабатларидаги ўсиш суръати ортишда давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилни «?лм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилди. Биз ҳам буни ўзимиз учун бир “Йўл харитаси” сифатида қабул қилдик. Ҳамкорлигимизни бу йил, айниқса, таълим соҳасида ривожлантирмоқдамиз. Сифатли ишчи кучи ва замонавий билимлар бебаҳо қадрият бўлиб турган ҳозирги кунда, асосан, олий таълим ва касб–ҳунарга ўргатиш соҳасида ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш учун муҳим қадамлар қўйдик ва қўймоқдамиз.

Туркия ва Ўзбекистоннинг илғор университетлери ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланмоқда, университет филиаллари очилмоқда. ?кки томонлама диплом бериш дастурлари амалга ошириляпти, ўқитувчи ва талабалар алмашиш имкониятини берадиган дастурлар жорий қилинмоқда. Айни пайтда Туркиянинг 15 та университети Ўзбекистон униварситетлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз берган аниқ натижалардан бири – бу Туркия палаталар ва биржалар уюшмасига қарашли ?қтисодиёт ва технология университети  филиалининг Ўзбекистонда очилгани бўлди. Мазкур филиалда келгуси ўқув йили учун талабаларни қабул қилишга ҳозирликлар бошланиш арафасида турибди.

Бундан ташқари ?станбул университети, Мармара университети, Баҳчешеҳир университети, Улудағ университети, Йилдирим Боязид университети, Ҳожибайрам университети, Ғозий университети, Яқин Шарқ саноат ва савдо маркази, Техника университети ва бошқа нуфузли олий ўқув юртлари ҳам келгуси ўқув йилида абитуриентларга ўз эшикларини очиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Пандемия жараёни бизнинг бу ишларимизга ғов бўлмаслиги учун қўлимиздан келган барча ҳаракатларни қиляпмиз.

— Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболларини қандай баҳолайсиз?

— Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши, яъни қисқача айтганда Туркий кенгаш аслида муштарак тил, тарих ва маданиятга эга мамлакатларнинг бошини қовуштирган халқаро ташкилотдир. Кенгашнинг ўтган йили Боку шаҳрида ўтказилган саммити чоғида Ўзбекистоннинг ҳам Туркий кенгашга қўшилиши бутун туркий дунё учун жуда муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг аъзолиги билан Туркий кенгаш ўзининг ҳақиқий тўлақонли моҳиятига эришди.

Туркий кенгаш номи остида иқтисодиёт, спорт, маданият, соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳам қамраб олган барча соҳаларда умумий тарихга, маданиятга ва қадриятларга эга мамлакатлар бир-бирларини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш имкониятига эга бўлмоқда. Кенгаш, шунингдек, аъзо давлатларга халқаро саҳнада елкама-елка туриб, биргаликда ҳаракат қилиш ва бу билан умумий муаммоларини халқаро минбарларда кўпчилик овоз билан кун тартибига қўйиш имкониятини бермоқда.

Туркий кенгаш ўтмиши бир, аждодлари бир бўлган қардош халқларни ўз бағрида бирлаштирган, кучларига куч қўшган бир платформадир. Бу жиҳатдан Кенгаш аъзолари маданий-маънавий шериклигимиз, муштарак тилимиз, динимиз ва ўтмишимиз атрофида кучли ришталар билан жипслашиб, бу мустаҳкам пойдевор устида алоқаларни барча соҳаларини қамраб олган ҳолда ривожлантиришни ва кенгайтиришни истайди. Биз биргаликда ҳаракат қилганимиз сари бирлигимиздан куч оламиз.

 — Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида нимадан энг кўп таъсирландингиз?

— Ўзбекистондаги фаолиятим давомида мени таъсирлантирган ҳолатларни санашни бошласам, бу мулоқот учун ажратилган вақт етмайди. Лекин бу ерда ўзбек халқи билан Анадолу инсонининг зуваласи битта хамирдан қорилганининг шахсан гувоҳи бўлиш мени ҳар куни ўз таъсирига олади. Албатта, Ўзбекистонда фаолиятимни бошлашдан аввал ҳам тарихий ришталаримиз, тил, дин ва маданиятларимизнинг муштарак эканини билардим, лекин буларнинг барчасини ўз танангда ҳис қилиш тамоман бошқа бир туйғу экан.

Халқларимиз бир-бирларининг кўзгудаги аксига ўхшайди. Бир ўзбекнинг хонадонига меҳмонга борганингизда сизга кўрсатиладиган меҳмондўстлик бир турк инсониниг хонадонида меҳмонга кўрсатиладиган иззат-икром билан бир хил. Бухорода ёки Қўқонда эски бир маҳалладан ўтар экансиз, бир лаҳза ўзингизни Анадолу диёрининг гўшасида, қишлоғида бўлгандек ҳис қиласиз. Халқларимизнинг воқеликка қарашлари ва идрок этиш тарзлари ҳам бир-бирига жуда ўхшайди.

Давлат раҳбарларимиз ўртасидаги самимий дўстлик, халқларимиз ўртасидаги меҳр-муҳаббат, турк сериал ва фильмларига ўзбек халқи томонидан кўрсатилган рағбат,  турк халқининг  эса энг устувор туристик макон сифатида Ўзбекистонга интилиши орамиздаги ана шу ўхшашликка бориб тақалади, деб ўйлайман.

 — Ўзбек халқига Мустақиллик байрами арафасида айтадиган тилакларингиз...

— Ўзбекистон халқини яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан чин юракдан яна бир бор табриклайман. Пандемия даврида барча ўзбек биродарларимга аввало сиҳат-саломатлик ва куч-қувват тилайман.

Дунёни мунаввар қилган муштарак қадимий тамаддунимизга таянган ҳолда, мамлакатларимизнинг йил сайин янги марраларни эгаллашини, миллий маданиятимизни замонавий цивилизация даражасидан юксакларга олиб чиқиш учун ишонч билан олға юришларини, ўртамиздаги қардошлик ришталарининг абадиятга қадар бардавом бўлишини тилаб қоламан.

— Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

“Дунё” АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net