«Масленица» байрами – юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликнинг ёрқин тимсоли

02.03.2020 12:10

ТОШКЕНТ, 2 март. /«Дунё» АА/. Пойтахтимиздаги “Наврўз” маданият ва истироҳат боғида славян халқлари миллий байрами – “Широкая масленица” нишонланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси матбуот хизмати манбасига таяниб.

Тадбирда мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, дипломатик корпус вакиллари, миллий маданий марказлар вакиллари, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлар, журналистлар иштирок этди.

Меҳмонлар эътиборига концерт дастури ҳавола этилди. Қизиқарли викторина ва бошқа кўнгилочар ўйинлар, саҳна кўринишлари ва томошалар йиғилганларга манзур бўлди. “Калинушка” славян қўшиқ ансамбли ва 20 га яқин ижодий гуруҳлар томонидан ижро этилган “Ветеран хор”, “Куйловчи қалблар”, “?вушка” халқ куйлари барчага хуш кайфият улашди. Рус маданий маркази ёш фаоллари томонидан халқ эртаклари қаҳрамонларини акс эттирган томошалар намойиш қилинди. Байрам меҳмонларига рус миллий таомлари, асал, калачи ва самоварда дамланган чой таклиф этилди.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда Рус миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган байрам тантаналари табиат билан инсон ўртасидаги азалий боғлиқликни тараннум этувчи дастур ва қизиқарли томошаларга бой бўлди.

Байрам тантанали очилиш маросимида қўмита раиси Рустамбек Қурбонов йиғилганларни қутлаб, юртимиздаги осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик бу каби байрамларни юқори савияда ўтказиш имконини бераётганини қайд этди. Шунингдек, Шарқ халқларининг яқинлашиб келаётган миллий байрами – Наврўз айёмини ҳам кўтаринки руҳда тантана қилинишига ишонч билдирди.

Тадбирда, шунингдек, Тошкент ва Ўзбекистон Митрополити Викентий сўзга чиқди ва байрам асосий ғояси хусусида фикр билдирди. Мамлакатимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликка қаратилаётган алоҳида эътиборни юқори баҳолади. Бу каби тадбирларни ўтказишда мамлакатимиз ҳукумати томонидан доим амалий кўмак кўрсатилаётгани эътироф этилди.

Байрам доирасида истироҳат боғида амалий ва тасвирий санъат, ҳунармандчилик бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди. Анжуманда шунингдек, “Широкая масленица” тарихи, уни нишонлаш билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар мазмун-моҳияти, аҳамияти бўйича маълумот берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net