Маскат-Тошкент-Маскат йўналиши бўйича доимий авипарвозлар йўлга қўйилади

01.06.2022 09:53

МАСКАТ, 1 июнь. /“Дунё” АА/.  Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги элчихонасида ушбу давлатнинг «Salam Air» авиакомпанияси тижорат директори М.ал-Десоуқий билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, юртимизнинг йирик аэропортларида яратилган қулайликлар, карго хизматини амалга ошириш учун мавжуд шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

М.ал-Десоуқий келгусида Маскат-Тошкент йўналиши бўйича доимий парвозларни амалга ошириш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш юзасидан авиакомпания Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи туристик компаниялари билан музокаралар ўтказишни режалаштираётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, компания жорий йилнинг якунигача карго хизмати сифатини ошириш ва парвозлар географиясини кенгайтириш, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари ҳудудларига мунтазам рейсларни йўлга қўйиш учун янги ҳаво кемаларини харид қилиш бўйича чоралар кўрмоқда.

Шу сабабли ҳамда минтақада мавжуд имкониятларни таҳлил қилиш, мутахассислар фикрларини ўрганиш мақсадида «Salam Air» вакили Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан онлайн видео-алоқа орқали музокаралар ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2020 йил 11 майдан Ўзбекистон ва Ўмон Султонлиги ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим кучга кирган. Келишувларга мувофиқ, «Salam Air» авиакомпанияси Ўмон томонидан ҳаво ташувчи ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net