Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Тошкент конференцияси якунлари бўйича қўшма баёноти БМТ Бош Ассамблеяси 75-

03.08.2021 10:08

НЬЮ-ЙОРК, 3 август. /«Дунё» АА/. Жорий йил 15-16 июль кунлари бўлиб ўтган Тошкент халқаро конференцияси якунлари бўйича Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича қўшма баёноти БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ҳужжат БМТнинг олтита расмий тили — араб, хитой, инглиз, француз, рус ва испан тилларида чоп этилган бўлиб, барча аъзо давлатлар, БМТнинг ихтисослашган агентликлари ўртасида тарқатилди, ташкилотнинг журнали ва расмий ҳужжатлаштириш тизимида эълон қилинди.

Эслатиб ўтамиз, халқаро форум якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари БМТ Бош Ассамблеясининг икки минтақа ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияси лойиҳасини биргаликда ишлаб чиқиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олган эди.

Шунингдек, улар иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика ва технологик инновация соҳаларида, биринчи навбатда, «яшил» технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини тасдиқлади ҳамда бу йўналишларда лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишда кузатилаётган муваффақиятларни эътироф этди.

Ҳужжатда, шунингдек, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг транзит ва логистика салоҳиятини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш, ахборот технологиялари орқали истиқболли рақамли платформаларни жорий этиш, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари тарихий ва маданий марказларини қамраб олган сайёҳлик йўналишларини шакллантириш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истаги таъкидланган.

Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаш учун Афғонистоннинг «минтақавий кўприк» сифатида тутган ўрни ва жаҳон иқтисодий муносабатларида умумий минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш орқали ушбу мамлакатнинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, миллатлар ҳамжамиятига Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ўзаро манфаатли, минтақа давлатлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратадиган икки ва кўп томонлама ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва имзолашни олқишлагани маълум қилинган.

Ҳужжатда Тошкентда ўтган юқори даражадаги халқаро конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг барча долзарб масалаларини очиқ муҳокама қилиш учун ўзига хос имконият яратгани қайд этилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net