Марказий Осиё ва Япония ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари пандемия шароитида ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболла

11.08.2020 10:56

ТОШКЕНТ, 11 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 август куни видеоконференция шаклида “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари навбатдан ташқари мажлисида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига келтирилишича, тадбирда, шунингдек, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва Япония ташқи ишлар вазири Тошимитсу Мотеги қатнашди.

Ташқи ишлар вазирлари видеоконференция чоғида коронавирус инфекциясига қарши биргаликда курашиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш масалалари, ҳозирги пандемия шароитида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Томонлар хавфли инфекцияларга ташхис қўйиш, даволаш ва уларнинг олдини олиш борасида маълумот, тажриба ва услублар алмашиш ҳамда эпидемиология соҳасидаги илмий тадқиқотлар билан бўлишиш учун Мулоқот иштирокчи давлатлари мутасадди идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг кўп томонлама механизмини ташкил этишнинг муҳимлигини қайд этди.

Тиббиёт кадрларини тайёрлаш борасида алоқаларни йўлга қўйиш, фармацевтика ва дори воситаларини ишлаб чиқариш соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Ҳамкорликнинг юқори динамикасини ва Марказий Осиё давлатлари ва Япония иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун тегишли чораларни қабул қилишнинг зарурлиги эътироф этилди. Хусусан, озиқ-овқат тақчиллигини юмшатиш учун қишлоқ хўжалиги секторини қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири мажлис иштирокчиларини коронавирус инфекциясига қарши самарали курашиш, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларини комплекс қўллаб-қувватлаш ҳамда республика иқтисодиёти тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш борасида Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида хабардор қилди.

Ўзбекистон томони Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш ва трансчегаравий эпидемияларга қарши биргаликда курашиш масалалари бўйича Ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилди.

Музокараларда кўп томонлама ҳамкорликнинг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net