Марказий Осиё II судьялар мулоқоти бўлиб ўтди

06.03.2020 14:34

САМАРҚАНД, 6 март. /“Дунё” АА/. Самарқанд шаҳридаги “Форумлар саройи”да 5-6 март кунлари Марказий Осиё II судьялар мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги бўйича вакили кўмагида ташкил этилган тадбирда ЕХҲТ минтақаси ва Марказий Осиё давлатларидан 40 дан зиёд судья, юқори малакали эксперт ва мутахассислар, ҳуқуқшунослар иштирок этди.

Тадбирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов,  Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева, ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир сўзга чиқди.

Таъкидланганидек, журналист ва блогерлар мамлакат ҳамда жаҳонда содир бўлаётган жараёнлар ҳақида тезкор, ҳақиқий ва ишончли ахборот тарқатишда жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади.

"Бугунги дунёнинг сиёсий, ижтимоий қиёфасини шакллантиришда ахборот тарқатиш муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда, матбуот эркинлигини таъминлаш ва фуқароларни сохта маълумотлардан ҳимоя қилиш ўртасида нозик чегара борлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар икки вазиятда ҳам мувозанатни сақлаш зарур. Қолаверса, ОАВ вакиллари ҳуқуқларни таъминлаш, бу жараёнда суд органлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга эҳтиёж бор", деди Арлем Дезир.

Ўз навбатида, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов сўзга чиқиб, "Очиқлик маданияти, унга ўрганиш, уни ҳазм қилиш осон эмас. Лекин жараён бошланди ва унинг натижалари ҳам кузатилмоқда. Матбуот ходимларида ички цензура, қўрқув бор. Айрим кезларда давлат идоралари томонидан улар фаолиятига тўсиқлар ҳам кузатилмоқда. Ушбу ҳолатда улар ҳимоячиси сифатида – суд органлари майдонга чиқиши даркор. Аммо бунинг учун, аввало, судьялар мустақил бўлиши, улар фаолиятида адолат тамойиллари устувор бўлиши лозим", эканини таъкидлаб ўтди.

Тадбирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам сўзга чиқди ва Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр билдирди. Оммавий ахборот воситаларининг чин маънода тўртинчи ҳокимиятга айланиши йўлида олиб борилаётган эзгу интилишларни алоҳида таъкидлади. Фуқароларнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги фаоллиги кузатилаётгани, танқидий чиқишлар орқали фуқаролик позициясини намойиш этаётганини қайд этди.

"Туҳмат ва ҳақорат қилганлик учун озодликни чеклаш, маҳрум этишни бекор қилиш ҳамда ушбу қилмишлар учун жарималар миқдорини камайтиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларида ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Сўз учун инсонни қамаб бўлмаслигига, фуқаролик ва маъмурий чора кўриш етарли эканига қатъий ишонамиз.  Журналистлар ўз эркинлигини йўқотишдан қўрқмасдан, хато қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак", дея таъкидлади Саида Мирзиёева.

Анжуманда ?спания Миллий суд коллегияси судьяси Кармен Палома судьялар мулоқоти бўйича ?спания тажрибаси билан ўртоқлашди.

Мулоқотда Марказий Осиё минтақасида прецедент қарорлар тақдимоти ўтказилди. Унда адоват келтириб чиқариш ишларини кўриш бўйича суд амалиёти, шунингдек, интернет, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда туҳмат ва ҳақоратларнинг олдини олиш ва қарши чоралар муҳокама қилинди.

Ҳасанбой Ортиқов,

“Дунё” АА мухбири

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net