Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада ошади

05.08.2022 16:17

Муносабат

Олимпия ўйинлари спорт мусобақаларининг чўққиси бўлиб, унда иштирок этиш ҳар бир спортчи учун юксак шараф ҳисобланади. Шунингдек, ҳар бир давлат Олимпия ўйинларида ўз вакиллари муваффақиятли иштирок этишини катта воқеа,  деб билади, бундан чексиз фахр ва ифтихор ҳис этади.

Кейинги йилларда ўзбекистонлик спортчилар ҳам Олимпиада ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Ютуқлар кўпайиб борар экан, спортчиларни рағбатлантириш, иштирокчилар сонини кўпайтиришга ҳам давлат даражасида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимизда бошқа спорт турлари каби таэквондо ҳам жадал ривожланмоқда. 2004, 2008, 2012, 2016 ва 2021 йиллардаги Олимпия ўйинларида таэквондо бўйича 15 та лицензия қўлга киритилган. "Токио – 2020" Олимпия ўйинларида Улуғбек Рашитов илк бор олтин медалга эга бўлди. Шунингдек, 2017-2022 йиллардаги бошқа халқаро мусобақаларда таэквондо бўйича жами 62 та медаль қўлга киритилди.

Яқинда Жанубий Кореяда ўтказилган Осиё чемпионатида таэквондочиларимиз тарихий натижа қайд этиб, умумжамоа ҳисобида эркаклар ўртасида илк бор биринчи ўринни эгаллади. Эътиборлиси, ҳозирда таэквондо билан мамлакатимиздаги  332 та  спорт  мактабининг 2 060 та гуруҳида мунтазам шуғулланаётган спортчилар сони қарийб 23,1 мингни ташкил этади. Шулардан 8 405 нафари ёки 36,4 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади.  

Спортчиларимиз "Париж – 2024" Олимпия ва Паралимпия ўйинларига таэквондо ва паратаэквондо бўйича 8 та лицензияни қўлга киритишни режалаштирган.  

Давлатимиз раҳбарининг яқинда имзоланган “Таэквондо (WT) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам минглаб спортчилар ва уларнинг мураббийлари, ота-оналари учун мотивацион ҳужжат бўлди, деб айтиш мумкин.

Қарорда белгиланганидек, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий тарзда таэквондо бўйича республиканинг барча ҳудудларида 4 сентябрь куни – Бутунжаҳон таэквондо кунига бағишланган таэквондо фестивали, таэквондо ва паратаэквондо бўйича “G2” даражасидаги нуфузли “Uzbekistan Open” халқаро турнири, умумтаълим, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари ўқувчи ва талабалари ўртасида “Вазир кубоги” мусобақалари ўтказилади.  

Белгиланганидек, ушбу спорт турини илмий асосда ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ҳузурида Бутунжаҳон “Куккивон” таэквондо академияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон таэквондо академияси ташкил қилинади. Шунингдек, Бўстонлиқдаги Оқтош қишлоғида Ўзбекистон таэквондо академияси учун спорт базаси барпо этилади.

Қарорга мувофиқ, 2023-2024 йилларда ҳар бир ҳудудда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо маркази очилади ва жиҳозланади. Марказ мутахассислари томонидан умидли ёшлар танлаб олинади ва миллий терма жамоаларнинг таркибларига профессионал спортчилар тайёрланади.  

Шунингдек, мазкур ҳужжат билан 2022-2024 йилларда таэквондони ривожлантириш дастури тасдиқланди. Дастурга кўра, Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси ҳузурида 19 ёшгача бўлган болалар учун республика профессионал клуби ташкил этилади. Яна бир муҳим жиҳат, боғчаларда “Kids таэквондо” лойиҳаси ишга туширилади, “Таэквондо (WT) ҳамма учун” дастури амалга оширилади ҳамда Жанубий Корея, Хорватия, Хитой, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Сербия, ?талиянинг илғор тажрибаси амалиётга жорий қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, юзлаб номдор спортчиларни кашф қилиш, мураббийларнинг машаққатли меҳнатини юзага чиқаришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Бектош РАҲМАТОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва 
спорт университети Таэквондо, каратэ назарияси ва 
услубияти кафедраси мудири вазифасини бажарувчи.

ЎзА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net