Лондонда Риштон кулолларининг савдо уйини очиш таклифи билдирилди

15.06.2021 17:20

ЛОНДОН, 15 июнь. /«Дунё» АА/. Кеча Риштон тумани ҳокимининг  инвестиция ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Абдуқаҳҳор Жўрабоев, «Ҳунарманд» уюшмасининг Риштон тумани бўлими раҳбари Бунёд Юнусов, Фарғона вилояти ишбилармон доиралари вакиллари ҳамда  Буюк Британия кулоллар уюшмаси «Craft Potters Association» (CPA) директори Тоби Брандин ва Уэльсдаги «Culture Heritage» маданият маркази директори Эва Скалли ўртасида онлайн-музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Музокаралар чоғида Буюк Британия вакилларига Фарғона вилоятининг савдо-сармоявий салоҳияти, Риштон тумани ҳудудида кулолчилик шаклланишининг кўп асрлик тарихи ҳақидаги атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, Буюк Британияда савдо уйлари ва кўргазма заллари очилишига доир қонунчилик меъёрлари ва бошқа шартлари  юзасидан фикр алмашилди.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида Британия кулоллар уюшмаси ҳузуридаги доимий шоурум -  «Contemporary Ceramics Gallery» галареясида Риштан сопол маҳсулотларини намойиш этиш масалаларини ишлаб чиқиш, «The Craft Potters Association» томонидан ҳар йили ўтказиладиган сопол маҳсулотлари халқаро кўргазмасида ўзбек ҳунармандларнинг иштирокини ташкил этиш, шунингдек, Риштон тумани бизнес ҳамжамияти ва Буюк Британия чакана савдо вакиллари ҳамкорлигида савдо уйларини очиш масалаларини муҳокама қилиш бўйича  музокаралар ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Британия кулоллар уюшмаси - «The Craft Potters Association» 1958 йилда Лондонда ўз аъзоларининг меҳнатини рағбатлантириш ва сопол буюмлар ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган. 2010 йилдан буён уюшма ҳузурида замонавий кулолчилик маркази фаолият кўрсатиб келади. Унда қўл меҳнати маҳсули – кулолчилик маҳсулотларининг энг сара намуналари намойиш этилади. Ҳозирги пайтда Халқаро кулолчилик академияси аъзоси «The Craft Potters Association»нинг 300 нафардан зиёд аъзоси, 700 нафардан ортиқ ходими бор.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net