Лондонда Алишер Навоий ва Чўлпон қаламига мансуб шеърлар инглиз тилида тўплам шаклида тақдим этилди

03.10.2021 17:22

ЛОНДОН, 3 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида буюк шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоий ҳамда атоқли адиб ва шоир Абдулҳамид Чўлпоннинг инглиз тилида чоп этилган шеърий тўпламининг тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.

«Буюк Британия-Ўзбекистон» дўстлик жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ижтимоий-сиёсий доиралар вакиллари, маданият арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар ҳамда Буюк Британиядаги ўзбек диаспораси вакиллари иштирок этди.

Алишер Навоийнинг 12 та машҳур ғазали ва Абдулҳамид Чўлпоннинг 14 та шеърини ўз ичига олган ушбу тўплам тузувчиси машҳур инглиз шоири Эндрю Станиленддир. Таржимон китобни тайёрлаш давомида ўзбекистонлик навоийшунос олима Аидахон Буматова ва Чўлпон ижоди бўйича тадқиқотчи Авазхон Ҳайдаров билан яқиндан ҳамкорлик қилди.

Эндрю Станиленд инглиз шоири ва драматурги ҳисобланади. Унинг ўзбек мумтоз адабиёти ва шериятига бағишланган «Янги девон», «Ҳазрат  Алишер Навоий», «Нур вазни», «Руҳ гўзаллиги», «Абадий шеърият», «Янги шеърлар» каби китоблари чоп этилган.

Тўплам Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида нашрдан чиқди. Муаллиф ушбу китобларни мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаганини маълум қилган.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, Алишер Навоий ва Абдулҳамид Чўлпон ижоди, уларнинг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маълумот берилди.

Эндрю Станиленд ўзбек мумтоз шеъриятининг ўзига хос гўзаллиги ва нафислигини қайд этди. Ушбу омиллар уни ўзбек шеъриятини инглиз китобхонларига таништиришга даъват этмоқда.

?нглиз шоири ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини инглиз тилига таржима қилишдаги ижодий изланишлари билан ўртоқлашди. У ғазал ва шеърларнинг маъноси ва вазнини сақлаб қолишнинг муҳимлигини таъкидлади.

Алишер Навоий ғазаллари ва Абдулҳамид Чўлпон шеърларидан намуналар ўқилди.

Тадбирда адабиётшунос олимлар ва мутахассислар янги тўпламдан ўрин олган ғазал ва шеърларни таҳлил қилди. Уларнинг фикрига кўра, тўплам тақдимоти нафақат ўзбек мумтоз шоирлари ва уларнинг асарлари билан танишиш, балки ўзбек халқининг қадимий ва ранг-баранг маданияти, унинг бой маънавий меросини ҳис қилишга имкон берди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net