Кувайт авиакомпанияси Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиарейсларни амалга оширади

29.01.2021 11:45

ТОШКЕНТ, 29 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Кувайтнинг «Jazeera Airways» авиакомпанияси вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси  маълумотига кўра, тадбирда Кувайтдан Ўзбекистон шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатимизга кувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. 

Кувайт томонига Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда “очиқ осмон режими”нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, республикамизда жаҳон хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи ва тиббиёт соҳасидаги сўнгги ютуқларга мувофиқ сайёҳлар учун яратилган янги “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимига эътибор қаратилди.

Кувайт делегацияси вакиллари 2021 йилнинг март ойидан “Кувайт - Тошкент” йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилишига, келгусида эса Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни «Jazeera Airways»нинг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришини билдирди.

Маълумот учун: «Jazeera Airways» Кувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда энг сўнгги A320 самолётлар паркига эга.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net