Конституциявий ислоҳотлар эркин ҳаракатланиш ҳуқуқимизни таъминлаб бера оладими?

25.06.2022 22:25

ТОШКЕНТ, 25 июнь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ?чки ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди Соҳипжамол Жолдасова «Дунё» АА учун шарҳида Ўзбекистон Конституциясига  шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи бўйича киритилаётган нормаларнинг нечоғли муҳимлиги ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

 Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув жараёнида шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини Бош қомусимизда кенгрок акс эттириш масаласида билдирган сўзлари эътиборимни тортди.

Хусусан, «Биласизларми, мени кўп йиллардан буён қийнаб келган яна бир масала бор эди, у ҳам бўлса “прописка”, деган муаммо. Одамларимизни, уларнинг ҳуқуқларини камситадиган бундай ҳолатни бартараф этиш учун биз йўллардаги назорат постларини, “прописка”, деган нарсани йўқ қилдик. Келгусида бундай тўсиқларни тизимли ҳал этиш учун ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим», – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан ҳам эркин ҳаракатланиш – инсоннинг ажралмас ҳуқуқидир. ?нсон ҳуқуқлари орасидаги муҳими ҳисобланган шахснинг эркин ҳаракатланиш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи ?нсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, ?қтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пактларда белгиланган бўлиб, инсоннинг олий неъматлари қаторига киритилган. Шу боис, мазкур ҳуқуқ ва эркинликлар дунёнинг демократик ривожланган давлатларининг конституцияларида кафолатланган.

Мамлакатимиз тарихида шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи қонун нормалари ва ҳуқуқий институтлар бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Паспорт назорати, “прописка” режими, мамлакатдан чиқиш ва унга кириш учун қатор инстанциялардан текширувлардан ўтиш ва рухсат олиш каби инсоннинг ҳаракатланишини чекловчи қатор қоидалар шулар жумласидандир. Масалан, Собиқ ?ттифоқнинг 1924, 1936, 1977 йиллардаги Конституцияларида мазкур ҳуқуқнинг ўзи бўлмаган, фуқаро яшаш жойи бўйича “прописка”га ўтказилган. Демак, фуқарони унинг яшаш ва меҳнат қилиш жойи билан мустаҳкам боғловчи омил бўлиб келган.

Мустақил Ўзбекистоннинг 30 йил олдин қабул қилинган Конституциясида илк бор «Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқи» белгиланди. Шу билан бирга, «қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир», деган қоида мамлакатимиз фуқаролари учун айрим қонун ва қонуности ҳужжатлар орқали «эркин ҳаракатланиш»ини чеклаб қуйди. Бу нимада намоён бўлди?

Аввало, 2018 йилгача мавжуд бўлган «прописка» тизими шахсларнинг бошқа ҳуқуқларини чеклаб қуйди. Масалан, меҳнат қилиш ҳуқуқи ушбу тизим билан боғлаб қуйилди. Хусусан, олдин Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мавжуд бўлган вақтинча ёки доимий «прописка» сиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшабкелган фуқароларни ишга қабул қилганлик учун жавобгарликка тортиш шулар жумласидандир. Банк хизматларидан фойдаланиш, хусусан, қарз, ипотека, валюта айирбошлаш каби хизматлар шахснинг «прописка»сига қараб бериларди. Ушбу тизимнинг мавжудлиги коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарарди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар кириб бормаган соҳа қолмади. Шулар қаторида паспорт ва «прописка» тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди. Айниқса, ушбу соҳага ахборот технологияларининг чуқур кириб бориши, ушбу соҳадаги давлат хизматларини электрон майдон орқали амалга ошириш имкониятлари кўпайтирилгани аҳолига жуда ҳам қўлайликлар яратди. Вақт ва харажатларни тежаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш учун замин яратилди.

Шунингдек, меҳнат қилиш, молия ва банк хизматлари, уй-жойни сотиб олиш учун «прописка» билан боғлаб берувчи қоидаларнинг чиқариб ташланиши жаҳонда умумэътироф этилган «эркин ҳаракатланиш» ҳуқуқини руёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Хорижий давлатларнинг ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларига назар ташласак, шахснинг «эркин ҳаракатланиш», «яшаш жойини танлаш» ҳуқуқлари қадрият сифатида Асосий қонунларда экс этган. Мазкур норманинг Конституцияда белгиланиши тарихда илк маротаба 1791 йили Франция Республикасининг қонунида қуйидагича акс эттирилган: «ушлаб туриш ёки қамоққа олиш таҳдидидан қўрқмасдан эркин ҳаракатланиш, ўз жойини тарк этиш ёки ўз жойида қолиш мумкин, конституцияда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно».

Канаданинг конституциявий ҳужжатида «эркин ҳаракатланиш» ҳуқуқи ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар қаторига киритилган бўлиб, унда фуқаро қайси провинцияда бўлишидан қатъи назар, меҳнат қилиш, бир хил меҳнат шароитида ишлаш ва ҳақ олиш, ижтимоий ёрдам олиш каби ҳуқуқлар мустаҳкамланган.

Буюк Британияда Конституция номли қонун мавжуд бўлмаса ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қуйидаги мазмундаги қоида билан акс этган: «Фуқаро жиноят ҳуқуқида назарда тутилган тақиқ ва қоидалар ёки бошқа фуқароларнинг ҳуқуқларини бўзмаса, ўзи хоҳлаган жойга бориши ва кириши мумкин».

Шахснинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларининг кафолати деярли барча давлатларда у ёки бу шаклда акс эттирилган. Назаримизда, бугунги кунда мамлакатимизнинг ривожланиш босқичида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, шу жумладан, конституциявий ислоҳотларнинг замирида «?нсон қадрини улуғлаш» тамойили турар экан, Бош қонунимизнинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» деб номланувчи бобини Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиши, яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи, шунингдек, ҳар бир фуқарога қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда мамлакат ҳудудидан тўсиқларсиз чиқиш ва унга қайтиб келиш ҳуқуқини белгилаш вақти келди.

Ушбу нормаларнинг Конституцияга киритилиши ҳар бир шахснинг табиий ҳуқуқларининг руёбга чиқишининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдида ижобий имижининг шаклланишига хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net