Конституция ҳақидаги билимларнимактабгача таълим муассаларидан бошлаб ўргатиш керак — «Mahalla USA» ННТ вице-президенти

05.12.2020 09:52

НЬЮ-ЙОРК, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинганининг 28-йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Конституция менинг ҳаётимда» акцияси саволларига Нью-Йорк шаҳридаги «Mahalla USA» нодавлат-нотижорат ташкилоти вице-президенти Дилшод Зокиров жавоб берди.

—      Конституция Сиз учун нимани англатади?

—Фикримча, Конституция бу инсон ва жамият фаолиятини тартибга солиш учун қабул қилинадиган қонунлар ва қарорлар учун пойдевор! Ҳар қандай ҳуқуқий ҳужжат Конституция тамойилларига зид бўлмаслиги керак. Ундан ташқари, Конституция бу давлат томонидан ҳар бир шахсга бериладиган ҳуқуқларни бир жойга мужассамлаган, кафолат берувчи асосий қонундир!

  •  Конституциявий ҳуқуқларингизни тўлиқ биласизми? Ҳуқуқингизни ҳимоя қилишга тўғри келганми?

— Конституциявий ҳуқуқларимни тўлиқ биламан деб ўйлайман. Тажрибада, албатта, бўлган. Масалан, 2016 йил Президентлик сайлови вақтида Самарқандда эдим. Сайлов кунидан бир неча кун олдин хорижга учиб кетишимни инобатга олиб, муддатдан аввал овоз беришга борганимда, сайлов участкаси ходими менга рухсат бермаган. Республика сайлов комиссиясига мурожаат қилиб ҳуқуқимни талаб қилганимдан кейин муддатдан олдин овоз беришга муяссар бўлганман.

  • Касб фаолиятингизда ва кундалик ҳаётингизда конституциявий тамойиллардан фойдаланасизми?

 — Касбим ҳуқуқшунос. Шундай экан нафақат ўзим, балки хорижда фаолият юритаётган юртдошларга ҳам Конституцияда кўрсатилган, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ҳуқуқларини тушунтуришга тўғри келади. Бунга Нью-Йорк шаҳрида очилган «Mahalla USA» амалга ошираётган ишлар мисол бўла олади.

Шу ўринда яна бир фикрни айтиб ўтсам, очиқ фуқаролик жамияти сари қадам қўйган эканмиз, Конституция ҳақидаги маълумотлар мактабгача таълим муассаларидан бошлаб ўргатилиши ва бутун соҳаларни қамраб олиши керак.

  Сиз учун Конституция куни нимани англатади ва бу байрамни қандай нишонлайсиз?

— Хорижда яшашимга қарамасдан, уйда Ўзбекистон телеканалларини кузатамиз. Айниқса, шу кунларда, 8 декабрь Конституция куни ҳақида маълумотлар берилмоқда ва бу борада фарзандимга тушунтираман. Бундан ташқари бу йил илк бор Конституция кунини ўзбекистонлик оилалар билан «Mahalla USA» марказида катта байрам қилиб нишонлаймиз.

 Барчага байрам муборак!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net