Келгуси йил 21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали ўтказилади

28.10.2021 11:28

ТОШКЕНТ, 28 октябрь. /«Дунё» АА/.  2022 йилнинг  21-25 май кунлари Бухоро шаҳрида  Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали  ўтказилади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Туризм ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, қўҳна Бухорода 2022 йилдан бошлаб Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ҳар 2 йилда бир марта ўтказиш йўлга қўйилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил апрель ойида ушбу халқаро фестивални ташкил этишга оид фармони ва жорий йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарори имзоланган.

Бухоро фестивали доирасида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик санъати тараққиёти» мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида заргарлик саноатининг хорижий мамлакатлардаги вакиллари, чет эллик инвесторлар, эксперт ва мутахассислар иштирокидаги ҳар йили ўтказиладиган  анъанавий «Ўзбек заргарлик ярмаркаси» халқаро кўргазмаси ва замонавий ускуналар, технологиялар ва заргарлик маҳсулотлари сотуви ташкил этилади.

 Халқаро фестиваль давомида турли тақдимотлар, кўргазмалар, мусиқали театр намойишлари ва кўнгилочар дастурлар, маданий-маърифий тадбирлар уюштирилиши режалаштирилган.

Фестивалнинг мақсади, зардўзлик ва заргарлик йўналишларида фаолият олиб борадиган, соҳа тараққиётига салмоқли ҳисса қўшаётган тажрибали ва иқтидорли ҳунармандларни кашф қилиш, нодир ва йўқолиб бораётган санъат асарларини асраб-авайлаш, тиклаш, энг илғор амалий дастурларни тарғиб қилиш, ёш авлодга ушбу ҳунарни ўргатган ҳолда вилоятларда янги иш ўринларини яратиш,  халқаро миқёсда миллий брендни яратиш ва оммалаштиришдан иборат.

 Фестивални юқори даражада ташкил этиш  вазифалари ?нвестициялар ва ташқи савдо, Туризм ва спорт вазирликлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги, «Ҳунарманд» республика ассоциацияси ва «Ўзбекзаргарсаноат» ташкилотлари зиммасига юклатилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net