ЖССТ ВА Миллий палата соғлиқни сақлаш ислоҳотлари соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилди

12.03.2020 16:34

ТОШКЕНТ, 12 март. /“Дунё” АА/. ?нновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс билан учрашув бўлиб ўтди ва унда ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Л.Куппенс ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда Миллий палата билан муносабатларни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Бунинг учун биринчи навбатда ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш керак.

Маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда 2017-йилдан буён ЖССТ вакиллари томонидан Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳасидаги аҳволни таҳлил қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, соғлиқни сақлаш соҳасидаги саъй-ҳаракатларнинг салмоқли қисмини юқумли касалликлар банд қилмоқда. Шу билан бирга, статистика маълумотларига кўра, ўлим ҳолатларининг 80 фоизига юқумли бўлмаган касалликлар сабаб бўлмоқда. Мазкур кўрсаткични пасайтириш учун профилактика чораларини кучайтириш керак.

ЖССТнинг ушбу йўналишда қўллайдиган халқаро тажрибаси мукаммал соғлиқни сақлаш тизимининг яратилиши ва ишлаши учун зарур бўлган 6 асосий қисмнинг муҳимлигини кўрсатмоқда. Стратегик раҳбарлик ва менежмент, сифатли хизмат кўрсатиш, ахборот тизими ва рақамлаштириш, дори-дармонлар ва даволаш технологиялари, диагностик лабораториялар қулайлиги, соғлиқни сақлаш учун инсон ресурслари ва молиялаштириш шулар жумласидандир.

ЖССТ экспертлари кўмагида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини 2019-2025 йилларда ривожлантириш концепсиясини ишлаб чиқди ва ҳозирги пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу Концепсияда кўзда тутилган ҳар бир стратегик йўналишни очиб берадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқмоқда.

Миллий палата раиси Р.?замов соғлиқни сақлаш билан боғлиқ барча ҳуқуқий ҳужжатлар палата мутахассислари томонидан экспертизадан ўтказилаётгани ва энг яхши халқаро стандартлар ва ёндашувлар асосида тавсиялар берилаётганини таъкидлади.

Томонлар барча манфаатдор тузилмалар, жумладан Миллий палата, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ваколатхонаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқаларнинг бирлашиши ислоҳотларнинг мамлакат аҳолисига тиббий ёрдамни яхшилаш ва соғлом турмуш тарзи тамойилларини тезлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ва ҳали Ўзбекистон олдида турган босқичлари самарадорлигини янада оширишга ҳисса қўшади, деган якдил фикр билдирди.

Хусусан, ЖССТ бугунги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида қабул қилинган молиялаштириш тизимидаги ўзгаришлар масалалари билан, жумладан Мажбурий тиббий суғуртанинг жорий этилиши бўйича пилот лойиҳасини амалга татбиқ этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралараро гуруҳда Миллий палатанинг фаол иштироки аҳамиятини қайд этилди.

Суҳбат доирасида томонлар соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш учун рақамлаштириш муҳимлигини бир неча бор таъкидлади. Лиан Куппенснинг сўзларига кўра, ушбу соҳада салоҳиятни ошириш, рақамлаштириш соҳалари ва унинг аҳамиятини чуқур англаш жуда муҳим масала бўлиб қолмоқда. Унинг таъкидлашича, бугунги кунда бу майдонда кўплаб иштирокчилар бор ва уларнинг бир мақсадга хизмат қилиши ўта муҳимдир. ЖССТ ўз дастурий таъминотига эга бўлган турли лойиҳаларни интеграция қилиниши керак бўлган ягона миллий платформа яратиш ғоясини илгари сурмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ?нновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг матбуот хизмати хабарига кўра, музокаралар натижасида томонлар ҳамкорликни фаоллаштириш, маълумот алмашиш ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лойиҳаларига Миллий палата экспертларини жалб қилиш тўғрисида келишувга эришди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net