ТОШКЕНТ, 29 декабрь. /«Дунё» АА/. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида кеча Россиянинг Москва шаҳри ҳамда Новосибирск вилоятларидаги қурилиш объектларида ишлаш учун 182 нафар юртдошимиз чартер рейс орқали жўнаб кетди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги манбасига кўра, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, хорижий мамлакатлардаги вақтинча ишсиз қолган юртдошларимизни ва карантин чекловлари сабабли чет элга ишга кетолмаган фуқароларни хорижга ишга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бунинг натижасида россиялик иш берувчилар ва масъул ташкилотлар билан келишган ҳолда фуқароларимиз Россия Федерациясига вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилмоқда.
Юртдошларимиз белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди.