Жанубий Кореядан муносабат: Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижалари ўзбек халқининг ислоҳотлар ва ўзгаришлар тарафдори э

28.10.2021 18:19

СЕУЛ, 28 октябрь. /«Дунё» АА/. Жанубий Корея матбуоти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти сайловидаги ишончли ғалабаси ҳақида материаллар чоп этишда давом этмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан,  «The Korea Times» газетаси Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Президент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонганини маълум қилди.

Нашрнинг таъкидлашича, овоз бериш натижалари ўзбек халқининг ислоҳотлар ва ўзгаришлар тарафдори эканини намойиш этди. «Сайлов натижалари ислоҳотлар аҳоли ҳаётида яққол сезилаётгани, фуқароларнинг келажакка бўлган ишончи мустаҳкамлигин кўрсатди, - деб ёзади Жанубий Корея газетаси. - Ўтган беш йил мобайнида Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мисли кўрилмаган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Янгиланишлар руҳи ҳар бир соҳага етиб келди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон тараққиётининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегиясига мувофиқ энг муҳим маъмурий-ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди».

Мақолада  ўтган беш йилда мамлакат иқтисодиёти 24 фоизга, саноат 34 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга юксалганига эътибор қаратилган. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 60 миллиард долларга етди. Ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 баробар ошди.

«Сайлов арафасида бу саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш, мамлакат тараққиёти ва халқ турмуш фаровонлигини янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон» стратегияси ишлаб чиқилди. Дастурнинг мақсад ва мазмуни сайловолди тарғибот учрашувларида сайловчиларга батафсил етказилди ва у сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Материал якунида «Шавкат Мирзиёевнинг жорий сайловдаги ғалабаси унга ислоҳотларни чуқурлаштириш имкониятини тақдим этмоқда ҳамда Ўзбекистоннинг ташқи савдо ва сармоялар жалб қилиш ҳажмини янада ошишига хизмат қилади», - дея қайд этади «The Korea Times».

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net