Жанубий Кореяда Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди

14.10.2021 14:11

ЧОНЖУ – УЛЬСАН, 14 октябрь. /«Дунё» АА/. Бугун  эрта тонгда Жанубий Кореянинг Чонжу ва Ульсан шаҳарларида Ўзбекистон Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Сайловда фуқароларимиз очиқ-ошкора, миллий сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ тарзда овоз бериш жараёнида муносиб иштирок этмоқда. Ватандошларимиз Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси, давлат раҳбарлигига номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари, миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишиб, ўзлари танлаган номзодга овоз бермоқда.

Сайловда иштирок этаётган фуқароларимизнинг аксариятини ёшлар ташкил этади ва улар орасида илк марта овоз бераётганларни суҳбатга чорладик.

– Бугун биринчи марта сайлов жараёнида иштирок этаяпман, – деди Ёнгин университети талабаси Сардорбек Собиров. – Тўғрисини айтсам, жуда ҳаяжондаман. Хориждаги фуқароларимизнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан тўла фойдаланиши учун яратилган бундай шароитдан хурсанд бўлдим. Чунки менинг овозим ҳам юрт тақдири учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини ҳис қилдим. Шу боис ўзим муносиб деб билган номзодга овоз бердим.

– Мен ҳам бугун биринчи марта муносиб номзодга овоз бериш орқали сайлов жараёнида қатнашдим, – дейди яна бир ёш ватандошимиз Зафаржон Маматҳошимов. – Бугунги кунда Ёнгин университетида ўқийман. Ўқишни тугатганимдан кейин келажакда жамиятимиз ривожига бор кучим ва салоҳиятим билан ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан.

Таъкидлаш жоизки,  жорий йилнинг 24 октябрь куни  ўтказиладиган Президент сайловига нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда, хусусан, Корея Республикасида қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Ушбу мамлакатда иккита  сайлов участкаси тузилган. Бундан ташқари, ватандошларимизга кўпроқ қулайлик яратиш, уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқидан тўла фойдаланишини таъминлаш мақсадида 14 та йирик шаҳарда муддатидан олдин овоз бериш нуқталари ташкил этилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net