Жанубий Кореяда «Ўзбекистон кунлари» ўтказилади

07.07.2021 11:56

СЕУЛ, 7 июль. /«Дунё» АА/. Мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги  элчихонаси ходимлари Кёнсан-Намдо провинциясининг Ҳамянг округи халқаро алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари Ан Чанг Ҳён билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида барча соҳаларда алоқалар изчил ривожланиб бораётгани, ўзаро муносабатлар алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Жумладан, коронавирус пандемиясига қарамасдан, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам фаол ривожланиб бораётгани таъкидланди.

2019 йилда Ҳамянг округи ва Тошкент шаҳри ҳамда пойтахт вилоятининг Янгийўл тумани ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Бугунги кунда томонлар ушбу ҳужжат асосида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Пандемия билан боғлиқ чекловлар юмшатилганидан кейин томонлар ўзаро ташрифларни амалга оширишни ва қатор қўшма тадбирлар ўтказишни режалаштирган.

Ҳамянг округи вакилининг маълум қилишича, жорий йил 10 сентябрдан 10 октябрга қадар «Wild Ginseng Hamyang Anti-aging Expo-2021» халқаро кўргазмаси ўтказилади. Ушбу тадбир биринчи бор йирик қамровда уюштирилаётгани учун унда хорижий мамлакатларнинг Жанубий Кореядаги элчихоналари ўз мамлакатининг маданияти, санъати, халқ табобати, тарихига оид кўргазмалар ва маҳсулотлар билан иштирок этиши кўзда тутилган.

Учрашувда жорий йил Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатия алоқалари ўрнатилганининг 29 йиллиги муносабати билан ушбу кўргазма доирасида «Ўзбекистон кунлари» тадбирини ўтказишга келишиб олинди.

Мазкур кўргазмада мамлакатимиз тарихи, маданияти, санъати, сайёҳлик салоҳияти, халқ табобати, аҳоли саломатлиги, ёшларга берилаётган эътибор, икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқаларни ўзида акс эттирган ижодий ишларнинг намуналари  намойиш этилади.

«Ўзбекистон кунлари» доирасида Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси вакиллари ўзларининг бадиий чиқишлари билан қатнашиши ҳам  режалаштирилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net