Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро туризм ярмаркасида Ўзбекистон миллий стенди катта қизиқиш уйғотди

29.06.2022 10:48

ТОШКЕНТ, 29 июнь. /“Дунё” АА/. Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳрида Осиё минтақасидаги энг йирик сайёҳлик кўргазмаси ҳисобланган «Korea World Travel Fair 2022» (KOTFA) якунланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳар йили ўтказиладиган мазкур нуфузли кўргазма бутун дунёдан туроператорлар ва турагентлар, шунингдек, халқаро авиакомпаниялар, миллий ва минтақавий туризм кенгашлари, минтақавий туризм маъмуриятлари, йирик меҳмонхона мажмуалари, дам олиш масканлари ва соҳанинг бошқа вакилларини жамлайди.

Жорий йил кўргазмада 60 дан ортиқ давлатдан 500 га яқин сайёҳлик саноати вакиллари ва 100 мингдан зиёд ташриф буюрувчи иштирок этди.

Мамлакатимизнинг Корея Республикасидаги элчихонаси томонидан “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти, шунингдек, “Ameks Travel” сайёҳлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган юртимиз тарихи, бой маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган Ўзбекистон миллий стенди кўплаб ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Миллий стендда ҳунармандчилик, заргарлик, ёғоч ўймакорлиги, ипакчилик ва бошқа халқ амалий санъати намуналари, Ўзбекистоннинг тарихий-маданий ва меъморий мероси, мамлакатимиз мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, шунингдек, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларга оид видеофилмлар намойиш этилди.

 

Тадбир доирасида Ўзбекистонда туризмнинг зиёрат, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, тадбиркорлик, ёшлар ва оилавий каби янги турларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди.

Қатнашчилар республикамизнинг тарихий-маданий диққатга сазовор жойлари, шунингдек, мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги имкониятлари, кўрсатилаётган хизмат турлари, меҳмонхоналар, туроператорлар ва агентликлар фаолияти ҳақидаги маълумотларни катта иштиёқ билан қабул қилди.

Қўргазма иштирокчиларига видеоматериаллар намойиши орқали Ўзбекистоннинг машҳур сайёҳлик йўналишлари, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг қадимий меъморий ёдгорликлари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги замонавий кўнгилочар марказлар, ўзбек миллий таомлари ва бошқа мавзуларда тўлиқ маълумот берилади.

Ўзбекистон кўргазмаси меҳмонларига корейс ва инглиз тилларида ранг-баранг буклетлар ва бошқа ахборот материаллари, эсдалик совғалари топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон стендига ташриф буюрувчилар иштирокида маҳаллий ижтимоий тармоқларда «#Uzbekistan», «#visituzbekistan» шиори остида акция ташкил этилди. Натижада кўргазма давомида юзлаб хорижий обуначилар ўзларининг интернетдаги саҳифаларида Ўзбекистон ҳақидаги суратларни жойлаштирди.

Ўзбекистон стендига ташриф буюрган меҳмонлар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини юқори баҳолади.

 

Ким Ёнг Хён, Жанубий Корея туризм ташкилоти вакили:

 - Жанубий кореяликлар орасида Ўзбекистон пойтахти – Тошкент, шунингдек, Самарқанд, Бухоро каби бой тарихга эга бўлган шаҳарлар жуда машҳур. Aфсуски, мен ҳали Ўзбекистонда бўлмаганман, лекин келгуси йилда бетакрор мамлакатингизга албатта ташриф буюришни режалаштирганман.

Ўз навбатида, сафар олдидан маҳаллий аҳоли орасида Ўзбекистонни хорижий саёҳатлар учун қулай йўналиш сифатида астойдил тарғиб қилиш ниятидаман.

Aн Бёнг Чеол, “Ameks Travel” сайёҳлик компанияси президенти:

- Ўзбекистон вакиллари, жумладан, “Uzbekistan Airways” Миллий авиакомпанияси ушбу кўргазмада фаол иштирок этаётганидан хурсандман. ?шончим комилки, бу Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш учун яхши замин бўлиб хизмат қилади.

Aгентлигимиз Жанубий кореялик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича фаол ишларни олиб бормоқда. Биз авиачипталарни сотиш, туристик саёҳатларни ривожлантириш билан шуғулланамиз. 2022 йилда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларга 400 нафар сайёҳ юбордик.

Ўзбекистон Жанубий Корея аҳолиси орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон бизникига ўхшаш маданиятга эга бўлишидан ташқари, кўплаб сайёҳлик масканлари эга. Шунинг учун, Ўзбекистон бизнинг юртдошларимиз саёҳат қилишни истаган мамлакатлардан бирига айланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net