?ТСВда вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва 2022 йилга мўлжалланган долзарб вазифалар муҳокама қилинди

11.01.2022 11:56

ТОШКЕНТ, 11 январь. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида видеоконференция шаклида ?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (?ТСВ) фаолияти доирасида 2022 йилга мўлжалланган долзарб вазифаларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Вазирлик  маълумотига кўра, йиғилиш чоғида 2021 йилда эришилган натижалар таҳлили ҳамда жорий йилда тизимли ва самарали ишларни ташкил этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юзасидан вазирнинг барча ўринбосарлари ҳамда вазирликнинг таркибий бўлинмалари ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Вазирликнинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари томонидан жорий ойдаги, биринчи чорак ва умуман жорий йил учун аниқ тадбирлар, ижро муддатлари ва кутилаётган натижалардан иборат аниқ ва манзилли иш режалари тақдим этилди.

Асосий ҳамкор мамлакатлар кесимида икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий муносабатларнинг бугунги ҳолати, қўшма дастур ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши, шунингдек, олий даражадаги ташрифлар чоғида эришилган келишувларнинг рўёбга чиқарилиши юзасидан ахборот берилди. Асосий шериклар билан иқтисодий муносабатларни кенгайтириш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар, ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ва савдо битимлари, хорижий инвесторлар ва савдо ҳамкорларини жалб қилишнинг янги механизмлари ҳақида ҳисобот берилди. Ўзаро муносабатларнинг барча соҳаларида ва ҳар бир ҳамкор мамлакат учун халқаро тадбирларни ташкил этиш ҳамда икки томонлама шерикликни илгари суриш бўйича аниқ вазифалар ва уларни амалга ошириш муддатлари белгиланган режаларни ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда халқаро молия институтлари, донорлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларнинг ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Жалб этилаётган маблағлар ва грантлар ҳисобидан амалга оширилаётган қўшма ижтимоий ва инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга жорий этишни жадаллаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Давлат ва ҳудудий инвестиция дастурларининг ижроси, ишга туширилган лойиҳалар фаолиятининг мониторинги, маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, вазирлик ваколатига кирувчи бошқа масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ҳар бир ходим фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, унинг меҳнат натижадорлигини баҳолашнинг аниқ вазифалари ва мезонларини белгилаш топширилди. Шунингдек, умумий вазифаларни ҳал этишда синергетик самарага эришиш учун вазирликнинг турли таркибий бўлинмалари ва ташкилотлари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net