ҚОЗОН, 8 октябрь. /«Дунё» АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси Қозон федерал университетининг Халқаро алоқалар институти билан ҳамкорликда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами кунига бағишлаб «Қадринг баланд бўлсин, она тилим!» мавзусида адабий-бадиий кеча ташкил қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ўзбекистон Бош консули Фариддин Насриев мустақиллик йилларида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳаётида эришилган муваффақиятлар ҳақида сўз юритди. Бундан ташқари, Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларга 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига кўрилаётган тайёргарлик жараёни ҳақида маълумот берилди.
Тадбир доирасида ўзбек тилида шеърлар ўқилди ва куй-қўшиқлар ижро этилди. ?нститутда таҳсил олаётган бошқа миллат вакиллари учун Ўзбекистоннинг сайёҳлик ва иқтисодий салоҳияти тақдимоти намойиш этилди.
Хорижлик талабалар ўзбек тили, маданияти, урф-одатлари, анъаналари ва ошхонасига бўлган катта қизиқишни қайд этди.
Тадбир сўнгида талабалар учун «Сарвқомат дилбарим» номли бадиий фильм намойиш этилди.