Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар маблағ ажратади

12.08.2020 13:51

ТОШКЕНТ, 12 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси иштирокида «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Қарорда Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган лойиҳанинг устувор йўналишлари, маблағдан фойдаланиш схемаси ва тартиби белгилаб берилди.

Лойиҳа 6 йилга (2020–2026 йиллар) мўлжалланган бўлиб, Жаҳон банки томонидан 30 йил муддатга қуйидаги шартлар асосида маблағлар ажратилмоқда:

- 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 181 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз;

- 10 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит;

-5 йиллик имтиёзли давр билан Халқаро тараққиёт уюшмасининг 219 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит.

- Лойиҳанинг умумий қиймати 659,3 миллион АҚШ долларига тенг, улардан Ўзбекистон улуши – 159,3 миллион АҚШ долларини, шу жумладан:

- солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш, инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклидаги улуш – 124,3 миллион АҚШ долларини;

- лойиҳа иштирокчиларининг (бенефициарлар) улуши эса 35 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этади.

Лойиҳа доирасида молиялаштиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

- озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида маҳсулот етиштириш;

- экспортни рағбатлантириш, халқаро бозорларда рақобатбардош, экспортбоп юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш борасида қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш;

- қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тармоғини диверсификациялаш, соҳада давлат иштирокини камайтириш, кооперация тизимини ривожлантириш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш;

- ер ва сув ресурслари, ўрмон фондидан оқилона фойдаланиш;

- соҳага бошқарувнинг замонавий тизимларини жорий этиш, хизмат кўрсатиш сервисини такомиллаштириш;

- қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларининг ишлаб чиқариш билан интеграциялашган самарали тизимини яратиш;

- қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, статистик маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишнинг ишончли ва шаффоф усулларини жорий этиш.

Ҳисоб палатасига лойиҳа доирасидаги маблағларнинг мақсадли ажратилиши, сарфланиши ва натижадорлиги устидан доимий назорат ўрнатиш ҳамда ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб бориш юклатилмоқда.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида 15 мингта янги иш ўрни (хотин-қизлар учун 2 минг 250 та) яратилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net