Ўзбекистон-Қозоғистон: буюк шоирлар ижодини ўрганиш халқларни яқинлаштиради

03.11.2020 12:26

ТОШКЕНТ, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун буюк шоир ва аллома Алишер Навоийнинг “Хамса” асарини қозоқ тилида ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларини ўзбек тилида нашр этишга бағишланган халқаро онлайн-конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизматига асосланиб.

Қозоғистон Республикасида ўзбек тили кунини нишонлаш доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Танзила Норбоева, Қозоғистон Республикаси парламенти Сенатининг Раиси Маулен Ашимбаев, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари аъзолари, хорижий мамлакатлар элчилари, таниқли адабиётшунос олимлар, таржимонлар, кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Қозоғистонни азалий қардошлик ва дўстлик ришталари боғлаб туришини, икки халқ бир ҳудудда, бир хил тарихий шароитда шаклланиб, камол топганини урғулашди. Бугунги кунда мамлакатларимиз раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Касим-Жомарт Токаевнинг шахсий саъй-ҳаракатлари, шунингдек, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқалар ривожланиши туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилгани алоҳида қайд этилди.

Турли замонларда яшаб, фаолият юритган Навоий ва Абайнинг ижодини умуминсоний қадриятларга садоқат, инсонпарварлик ва эзгулик руҳи бирлаштирганлиги таъкидланди. Бугунги кунда мазкур буюк шоирлар, файласуфлар ва жамоат арбобларининг бебаҳо меъросини биргаликда ўрганиш мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш имкониятини бермоқда. Жумладан, буюк шоир ва олим Алишер Навоий “Хамса”сининг қозоқ тилида ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларининг ўзбек тилида нашр этилиши икки қардош халқни янада яқинлаштириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг Халқаро Туркий Академияга қўшилиш имкониятларига алоҳида урғу берилди. Шу муносабат билан Қозоғистон томони ушбу нуфузли халқаро академия 40 га яқин илмий тадқиқот институтлари, туркология марказлари билан алоқалар ўрнатганини таъкидлади. Ҳозирда Академия 100 га яқин хорижий туркшунос олимлар иштирокида лойиҳа амалга оширмоқда. Мазкур мулоқот ҳам шу йўлда қўйилган муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Қозоғистон парламенти вакиллари қозоқ халқи Навоий ижоди билан яхши танишлигини таъкидлади. Зеро, қуёш барча учун умумий бўлганидек, шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ҳам бутун инсониятнинг умумий меросидир.

Тадбир якунида ташкил этилган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг қозоқ тилидаги “Хамса” китоби ва буюк қозоқ мутафаккири Абай асарларининг ўзбек тилидаги тақдимоти йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net