II Халқаро бахшичилик санъати фестивали Нукус шаҳрида ўтказилади

12.04.2021 10:56

ТОШКЕНТ, 12 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

 Мазкур ҳужжат билан бахшичилик санъатини республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш мақсадида халқаро фестивални Сурхондарё вилоятидан бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиш кўзда тутилмоқда. Жумладан, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида ўтказиш орқали мавжуд бўлган ўзига хос ижро услублари асосида ижодий мактабларни «устоз-шогирд» анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантиришга эришилади.

Халқаро бахшичилик санъати фестивали келгусида босқичма- босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилади.

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, жорий йилдаги II халқаро бахшичилик санъати фестивалига Нукус шаҳри мезбонлик қилади.

Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.

Ҳужжатга кўра, ташкилий қўмита фестивални Қорақалпоғистонда юқори ташкилий даража ва бадиий савияда ўтказиш бўйича зарурий чора-тадбирларни амалга оширади.

Жорий йилдаги фестиваль ўтказиш бўйича аниқ муддат санитария-эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда белгиланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net