Ҳиндистонликлар билан халқаро фестивалларни ўтказишга доир келишувга эришилди

16.02.2020 10:29

ТОШКЕНТ, 16 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган «Суражкунд Мела» фестивали ташкилотчилари Ражеш Жоон ва Aнил Бажаж билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири қўмита манбасига таяниб.

Учрашувда томонлар йирик тадбирларни ўтказиш ҳамда ходимлар малакасини оширишга доир тажриба алмашишди. Жумладан, ҳар йили ўтказиладиган фестивалга хорижий давлатлардан иштирокчиларни жалб этиш, тадбирни молиялаштириш механизми ҳамда ташкилий масалалар билан танишишди. Шу билан бирга, фестивал ташкилотчилари билан Бухоро вилоятида ҳар йили ташкил этиладиган «?пак ва зираворлар» халқаро фестивалини ўтказишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

1-16 февраль кунлари Ҳиндистоннинг Харяна штатида бўлиб ўтаётган Осиё қитъасидаги энг йирик тадбирлардан бири «Суражкунд Мела» фестивалида Ўзбекистон асосий ҳамкор давлат сифатида иштирок этмоқда. Тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида юртимизнинг моҳир ҳунармандлари ҳамда Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари санъаткор ва ошпазлари ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда.

Таъкидлаш лозимки, «Суражкунд Мела» фестивали 34 йилдан буён ўтказилиб келинади. Фестивалда ҳар йили 50 га яқин хорижий мамлакатлар вакиллари иштирок этиб, жами 1,5 миллион дан ортиқ меҳмонлар ташриф буюради.

Тадбир ўтказиладиган ҳудуд 40 гектар ер майдонида барпо этилган бўлиб, унда иштирокчилар ва меҳмонлар учун амфитеатр, фуд-кортлар, ҳунармандлар расталари, болалар майдончаси, маъмурият биноси, галерея комплекси, меҳмонхона, заргарлик марказлари, тиббиёт пунктлари, ресторан, мотел, очиқ бассейн ва фестивал музей биноси фаолият кўрсатади.

 

Сурат: Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net