Ҳиндистонлик инвестор – Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун қулай имконият ва хавфсиз муҳит яратилган

21.07.2020 14:55

ТОШКЕНТ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда жадал кечаётган ўзгаришлар бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳалари қаторида қулай инвестиция муҳитининг яхшиланиб бораётганида ҳам ўз аксини топмоқда. Қачонлардир Ўзбекистондаги илк фаолиятини тор доирада бошлаган сармоядорлар бугун янги лойиҳа ва салмоқли бизнес режаларни амалга ошириш сари дадил одимламоқда.

Хусусан, Ҳиндистоннинг “Spark Minda” компанияси бош ижрочи директори Ашок М?НДА “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда мамлакатимиздаги инвестиция муҳити, сармоядорлар учун яратилган қулайлик ва компаниянинг истиқболдаги режалари юзасидан фикр билдирди.

– Ўзбекистондаги фаолиятимизни бундан 15 йил аввал бошлаганмиз. Дастлабки 4 йилда маҳсулотларни Ҳиндистондан Ўзбекистонга етказиб берган бўлсак, 2010 йилдан бошлаб “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “UzAvtosanoat” билан “Spark Minda” ҳамкорлигида қўшма корхона ташкил этилди ва автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон минтақада улкан бозор, тадбиркорлик фаолияти учун барча зарур шароитлар муҳайё мамлакатдир. Ўтган вақт давомида бу ерда қатор ислоҳотлар амалга оширилдики, Ўзбекистон иқтисодиётининг қатор тармоқларига инвестиция киритиш истагидаги сармоядорлар сони ортиб борди.

 Кузатувларим ва хулосаларимдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, сўнгги 4 йилда мамлакатда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар рўй берди, давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида жадал ривожланишга эришилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан, биринчи галда, мамлакат аҳолиси, хорижий инвесторлар ва барча чет эл фуқаролари учун янада қулай имкониятлар, мутлақо хавфсиз муҳит яратилган. Ҳукумат инвесторларга қулай бизнес шароит ва тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш учун енгиллик ва қулайликлар тақдим қилмоқда. Банк тизимидаги ислоҳотлар, хорижий валютанинг либераллаштирилиши хорижий тадбиркорлар фаолиятини сезиларли яхшилаш имконини берди. Замонавий ва қулай транспорт инфратузилмаси ҳам кенгайтирилмоқда.

Бевосита фаолиятим нуқтаи назаридан, соҳадаги янгиланишлар ҳақида фикр билдирсам: мамлакатда автомобилсозлик саноати жадал тараққий этмоқда. “UzAvtosanoat” инвесторларни доимо қўллаб-қувватлайди ва улар манфаатларини ҳимоя қилади. Жумладан, ўзбекистонлик ҳамкорларимиз қўшма корхоналарни ривожлантириш, улар экспорт фаолиятини йўлга қўйиш учун кулай шароит яратиб берган.

Биз эса имкониятдан унумли фойдаланиб, корхонамиз фаолиятида ҳам кўплаб ютуқларга эришяпмиз. Яқин истиқболда фаолиятимизни янада кенгайтиришни, хусусан, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишни режалаштирганмиз. Самарадорликни янада оширишга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга, барча вазирлик ва идораларга чуқур миннатдорлигимни изҳор этаман!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net