Германияда «Ўзбек миллий таомлари ва маданияти» фестивали ўтказилди

21.08.2021 16:30

БЕРЛ?Н, 21 август. /«Дунё» АА/. Германиянинг Мёнхвайлер шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Фейсбук ижтимоий тармоғида 10 мингдан ортиқ аъзо ва минглаб кузатувчиларга эга бўлган «Usbekische Kuche/Кухня Узбекистана в Германии» гуруҳи қатнашчилари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур фестивалда Европанинг Германия, Швейцария ва бошқа қатор давлатларида яшайдиган 200 га яқин ватандош ва ўзбек миллий таомларининг хорижлик шинавандалари иштирок этди.

Тадбирда хорижда истиқомат қилаётган юртдошларимизга ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқ-эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Президентининг қарори билан ташкил этилган «Ватандошлар» жамоат фондини асосий вазифалари, Янги Ўзбекистоннинг чет элдаги фуқаролар билан ишлаш борасидаги давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди.

Анжуманда иштирокчилар ўзбек халқининг маданияти, урф-одатлари, миллий анъана ва қадриятлари билан таништирилди. Крефельд шаҳрида жойлашган Геберт рассомлик ва санъат мактаби асосчиси Анна Геберт томонидан тақдим этилган, Ўзбекистон халқ ва амалий санъатини намоён этувчи расмлар кўргазмаси тадбирнинг қизиқарли воқеларидан бири бўлди.

Миллий таомларни оммалаштириш мақсадида моҳир ошпазлар ва Европалик ҳаваскорлар билан биргаликда ўзбек миллий таомлари – тўй оши, димлама, тандир кабоб, шўрва, сомса ва нон тайёрланиб, меҳмонларга улашилди. Ўзбек миллий ошхонасининг шоҳона таоми - палов тарихи, уни тайёрлаш усуллари иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

– Бугунги маданий тадбирни юқори руҳда ташкил этишда бевосита кўрсатилган ёрдам учун биз, авваламбор, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасига миннатдорлик билдирамиз, - деди Фейсбук ижтимоий тармоғидаги «Usbekische Kuche» гуруҳи асосчиларидан бири Евгений Шац. Бизнинг гуруҳимиз ҳозирда 10 мингдан ошиқ иштирокчи ва минглаб кузатувчига эга. Ўзига хос маслакдошларимизнинг кўпчилигини собиқ ватандошларимиз, уларнинг оила аъзолари ҳамда ўзбек миллий таомларининг шинавандалари ташкил қилади. Бугунги тадбиримиз чоғида иштирокчиларимизнинг кўпчилиги биринчи маротаба Ўзбекистон гуручидан ўчоқда тайёрланган ҳақиқий тўй ошини татиб кўрди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган «Ватандошлар» жамоат фонди келгусида бу каби маданий тадбирларни кўпроқ ўтказишга хизмат қилади, деган умиддаман.

Хусусий сайёҳлик агентлиги раҳбари Штефен Бюхлер ушбу фестиваль Ўзбекистон маданияти ва ошхонасини янада тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этганини қайд этди.

- Бугун ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивалида иштирок этганимдан жуда хурсандман, - деди у. - Мен узоқ йиллардан бери Ўзбекистонга сайёҳлар ташрифини ташкил этиш билан шуғулланиб келаман ва бой ўзбек маданияти, тарихи ҳамда бетакрор таомлари билан яқиндан танишман. Ўзбекистон томонидан Германия фуқаролари учун виза тартибларининг бекор қилингани юртингизга немиз сайёҳлари оқимининг ошишига хизмат қилмоқда. Ўйлайманки, коронавирус пандемиясини енгиб ўтишимиз ва сайёҳликнинг қайта жонланиши билан Ўзбекистон йўналишига сайёҳлар талаби яна ортади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net