Германия нашри: Ўзбекистонда хотин-қизларга эҳтиром ислоҳотларнинг устувор йўналиши

13.03.2020 12:41

ТОШКЕНТ, 13 март. /“Дунё” АА/. Германиянинг “Новастан” интернет сайти саҳифасида Ўзбекистонда хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатиш ва уларни эъзозлаш Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири экани ҳақида мақола нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири немис нашри манбасига таяниб.

Мақолада ёзилишича, мустақил Ўзбекистон ҳукумати тизимида хотин-қизлар сони тобора ортиб бормоқда. ?нтернет саҳифаси бунга мисол қилиб, Дилфуза Жумановна Уралованинг Сирдарё вилояти Боёвут туманига ҳоким этиб тайинланганини келтиради.

Собиқ мактаб директори 2015 йилдан бошлаб ҳокимият таркибида фаолиятини давоим эттириб, 2017 йилда Сирдарё тумани ҳокими муовини, вилоят Хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасига тасдиқланган, дейилади мақолада. 

Нашрда мамлакатда хотин-қизларнинг ҳокимликка тайинланиши билан боғлиқ маълумотларга тўхталиб, шундай қайд этади: “Д.Уралова бугунги кунда мамлакатда Манзура Эгамова (Жалақудуқ тумани), Шакаржон Хўжаниёзова (Боғот тумани), Раҳима Ҳакимова (Самарқанд тумани), Тоҳирахон Маризаевадан (Косонсой тумани) кейин бешинчи ҳоким аёл бўлиб мамлакат тарихи саҳифасига кирди”.

Мақолада Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари сифатида (таҳририят: бугунги кунда Ўзбекистон Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари) Дубай шаҳрида февраль ойида бўлиб ўтган “Халқаро хотин-қизлар форуми”даги иштироки ёдга олинади. Унинг форум доирасида Ўзбекистон ҳукумати мамлакат сиёсий жараёнида хотин-қизлар мавқеини оширишга ва улар иштирокини таъминлашни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини ҳақидаги фикрлари бугун ўз исботини топаётгани билдирилади.

Нашр Осиё тараққиёт банкининг қуйидаги таҳлиллари билан бўлишади. Унда келтирилишича, 2014 йилдан то 2020 йилгача бўлган даврда парламентдаги хотин-қизлар сони икки бараварга ортган.

“Новастан” интернет сайти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг барча жабҳаларда тенглигини таъминлаш тарафдори экани унинг бу борада олиб бораётган изчил сиёсатида ўз аксини топганини алоҳида таъкидлайди. Бунга мисол сифатида мамлакат тарихида илк бор аёл кишининг, яъни Танзила Норбоеванинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси этиб тасдиқлангани, Вазирлар Маҳкамасида Агриппина Шин мактабгача таълим вазири сифатида фаолият юритаётгани қайд этилади. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда гендер тенглиги юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилаётганидан далолат экани юзасидан фикрлар келтирилади.

“Мамлакатда Президент томонидан олиб борилаётган cаъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда”, деб ёзади “Новастан”. “Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлгандан кейин хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш бўйича қатор ташаббуслар рўёбга чиқарилди. Хусусан, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида Республика бўйлаб ягона қисқа рақамли “1146” ишонч телефони жорий этилди. Зўравонликдан оғир аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун мамлакат бўйлаб 200 дан ортиқ реабилитация ва мослаштириш марказлари очилди. Оилада аёлларга нисбатан зўравонликларга барҳам бериш бўйича қонунчилик асослари мустаҳкамланиб, Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилди”.

Маълумот ўрнида, “Новастан” интернет саҳифаси Марказий Осиё мамлакатларига оид хабарларни чоп этишга ихтисослаштирилган немис тилидаги нашрдир.

“Дунё” АА мухбири

Баҳриддин АСЛАНОВ тайёрлади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net