Франциянинг етакчи олий таълим даргоҳи - Париж-Сакле университети раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди

10.10.2021 14:58

ПАР?Ж, 10 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев олий таълим соҳасида икки томонлама муносабатларни кенгайтириш мақсадида Париж-Сакле университети проректори Cандрин Лакомб ва ушбу университетнинг ҳуқуқ факультети декани Борис Бернабе билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сандрин Лакомб университет, асосан, “таълим-тадқиқот-ишлаб чиқариш” тамойили асосида фаолият юритишини маълум қилди. Таълим даргоҳининг 17 та кампусида 48 минг нафар талаба таҳсил олади, уларнинг 42 фоизи хорижликлар ҳиссасига тўғри келади.

Био турфахиллик, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, аниқ фанлар, ҳуқуқ ва ижтимоий-гуманитар фанлар, муҳандислик ва ахборот технологиялари йўналишида 10 та бакалавр дастури, 67 та магистрлик дастури ва 21 та докторлик мактаби мавжуд. Университет таркибидаги 300 га яқин илмий текшириш марказларида (Франция тадқиқот салоҳиятининг 13 фоизи) 15 минг нафар тадқиқотчи фаолият олиб боради. Бугунги кунга қадар Париж-Сакле университетидан 2 нафар Нобель мукофоти совриндори чиққан.

Учрашувда иштирок этан Жан Моне номидаги ҳуқуқ факультети декани Борис Бернабе ўз йўналиши бўйича тақдимот ўтказди. Унинг маълум қилишича, факультетда 6 минг нафар талаба таҳсил олади, 141 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. 121 докторант илмий-тадқиқот ишлари билан машғул бўлмоқда. Факультет таркибида 6 та лобораториянинг фаолияти йўлга қўйилган. Кутубхонада Франциянинг ҳуқуқ таълимотига доир бўлган энг қадимий адабиётлари сақланади.

Факультетнинг бакалавр битирувчиларига “Ҳуқуқ ва инновация” йўналишида мутахассислик берилади. Магистратура босқичида “Рақамли ҳуқуқ ва интеллектуал мулк ҳуқуқи”, “Саломатлик ҳуқуқи”, “Авиакосмик хуқуқ”, “Хусусий ва оммавий ҳуқуқ”, “Халқаро оммавий ва Европа ҳуқуқи”, “Халқаро ва Европа ҳуқуқи”, “Дипломатия ва стратегик музокаралар” каби йўналишларда дастурлар мавжуд.

Б.Бернабе Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва Тошкент давлат юридик университети билан бакалавр, магистратура ва докторлик даражаларида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.  Хусусан, “Дипломатия ва стратегик музокаралар” дастурининг раҳбари Делфин Плациди-Фруа Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан магистратура даражасида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунида, Париж-Сакле ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олиш мақсадида яқин орада видеомулоқот ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net