Франциянинг «Airbus» авиакомпанияси Ерни масофадан туриб зондлаш каби лойиҳаларни рўёбга чиқаришда иштирок этади

13.07.2020 12:07

ТОШКЕНТ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Франциянинг “Airbus” компанияси билан уч томонлама музокара ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабарида келтирилишича, тадбирдан кўзланган мақсад – космик суратлардан фойдаланиш, улар ёрдамида қишлоқ хўжалиги ва бошқа ер майдонларини мониторинг қилиш, космик суратларни қабул қиладиган виртуал станция ҳамда Ерни масофадан туриб зондлаш маркази (ЕМТЗ маркази)ни ташкил қилишда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.

Таъкидланганидек, рақамли технологияларнинг энг катта ютуғи — ташкилий, молиявий ва инсон харажатларини тежаш орқали иқтисодий самарадорликни кескин равишда ошириш имконининг борлигидадир. Шу билан бирга, рақамли технологиялардан турли соҳа ва тармоқларда ҳам кенг фойдаланса бўлади. Мамлакатимиз учун долзарб бўлган шундай соҳалардан бири ер ресурсларидан унумли фойдаланиш масаласидир.

Уч томонлама ўтказилган виртуал учрашувда янги ташкил этиладиган Ерни масофадан туриб зондлаш маркази ва виртуал станциядан фойдаланишдаги қулайликлар, уларни яратишга кетадиган вақт, маблағ, техник қурилмалар ўртасидаги фарқ, қабул қилиб олинадиган космик суратларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича Франциянинг «Airbus» компанияси тақдим қилаётган лойиҳалар билан танишиб чиқилди.

Шунингдек, бу йўналишда ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш, кафолатли хизмат кўрсатиш масалаларида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Виртуал музокараларда «Airbus» компанияси вакиллари томонидан Ерни масофадан туриб зондлаш марказининг намунавий тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, мазкур марказ лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган ўқув режа ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ташкилий тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net