Фарғона вилояти ҳокимлиги ва немис компанияси тиббиёт ходимларини Германияга ишга жалб этиш бўйича келишувга эришди

10.05.2021 12:08

ФАРҒОНА, 10 май. /«Дунё» АА/. Бугун Фарғона вилояти ҳокимлигида   «GLOBOGATE Recruiting GmbH» немис  компанияси ижрочи директори Урс Люстенбергер бошчилигидаги компания вакиллари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов меҳмонларга вилоятда тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Урс Люстенбергер Ўзбекистонда «GLOBОGATE Recruiting GmbH» компанияси лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишда Фарғона вилояти ҳам муҳим ўринга эга эканини таъкидлади.

Мулоқот чоғида вилоят тиббиёт ходимларини Германия тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бориши учун тайёрлаш ва ушбу мамлакатга юбориш тартиб-қоидалари муҳокама қилинди.

Натижада синов тариқасида  биринчи босқичда 400 нафар тиббиёт ходимини саралаб олиш, уларга немис тилини ўргатиш ҳамда жорий йилнинг 1 июлига қадар мутахассисларнинг бир қисмини Германияга юбориш, кейинчалик эса мазкур йўналишда ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Германиянинг «GLOBОGATE Recruiting GmbH» компанияси 2016 йилда ташкил этилган. Компания фаолияти Германия соғлиқни сақлаш муассасаларига хорижий давлатлардан тиббий ходимларини жалб қилиш жараёнини амалга оширишга қаратилган. Айни пайтда компания 300 дан ортиқ немис шифохоналарига хизмат кўрсатмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net