ЕХҲТ Омбудсманга инсонпарварлик ёрдамини топширди

06.05.2020 14:48

ТОШКЕНТ, 6 май. /“Дунё” АА/. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор Олий Мажлиснинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га коронавирус пандемияси даврида фойдаланиш учун мўлжалланган шахсий ҳимоя воситаларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.

Мазкур инсонпарварлик ёрдами икки тузилма ўртасида имзоланган “Ўзбекистон Республикасида қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни амалга оширишга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида тақдим этилди.

– Бутун дунёда коронавирусга қарши кураш давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда кун сайин аҳвол ижобий томонга қараб ўзгараётгани барчамизни қувонтиради, албатта, – деди Олий Мажлиснинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев. – Бу жараёнда бутун жамият, барча фуқароларимиз қатори жазони ижро этиш муассасаларидаги инсонлар хавфсизлигини таъминлаш ҳам жуда муҳим.

 Омбудсман ўз фаолияти доирасида шундай муассасаларни доимий равишда мониторинг қилиб боради. Демак, мониторинг гуруҳи аъзолари ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари лозим. Бу ҳам ходимлар, ҳам ўша жойлардаги инсонларга вирус юқишининг олдини олади. ЕХҲТ бизнинг доимий ҳамкорларимиздан бири. Ҳозиргача бир неча бор ўқув-машғулотлари, семинар-тренинглар ўтказиш, мутахассислар алмашиш, қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш бўйича биргаликда кўпгина ишларни амалга оширдик. Бугунги тадбир ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг мантиқий давомидир.

Маълумки, тергов ҳибсхоналари ва жазони ўташ муассасаларидаги шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Олий Мажлиснинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан миллий превентив механизм доирасида амалга оширилади.

Тиббий ниқоб, қўлқоп, махсус ҳимоя кийимлари ва антисептик воситалардан иборат беғараз ёрдам тўпламларидан жазони ижро этиш муассасаларида миллий превентив механизм доирасида жамоат ташкилотларини жалб этган ҳолда ўтказиладиган мониторинг давомида фойдаланилади.

– Бугунги кунга келиб, коронавирус жаҳон миқёсида тарқалган трансмиллий таҳлика, жиддий фалокат сифатида намоён бўлди, – дейди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор.

– Шу маънода навбатдаги хайрия кўмаги ЕХҲТ учун одамлар, уларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги бирламчи мақсад эканининг ифодасидир. Коронавирус бутун инсоният, шу билан бирга ҳар бир инсоннинг муаммоси.

Ўзбекистон пандемияга қарши жуда самарали курашаётганини бутун дунё эътироф этмоқда. Зеро, мамлакатда вирус туфайли қурбонлар бошқа давлатлар билан таққослаганда ёки аҳоли сонига нисбатан жуда камчиликни ташкил этади. Масалан, менинг ватаним Канадада ҳам минглаб инсонлар ҳалок бўлди. Яна бир бор қайтараман, Ўзбекистон тўғри йўлдан боряпти.

Тақдим этилган беғараз ёрдам учун Олий Мажлиснинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчисига миннатдорлик билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net