Эртага Ўзбекистон учун ХМТнинг Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенцияси баённомаси кучга киради

15.09.2020 16:45

ТОШКЕНТ, 15 сентябрь. /“Дунё” АА/. Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси учун Халқаро меҳнат ташкилотининг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сонли конвенциясига Баённома (Женева, 2014 йил 11 июнь) кучга киради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарида келтирилишича, мазкур Баённома Ўзбекистон томонидан 2019 йил 25 июндаги ЎРҚ-545-сонли Қонунга мувофиқ ратификация қилинган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси ХМТнинг барча 8 та фундаментал конвенциялари иштирокчиси ҳисобланади. Мазкур Баённома эса фундаментал конвенциялардан бири, яъни ХМТнинг 1930 йилдаги Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенциясининг таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 1992 йил 13 июлда аъзо бўлган.

Баённома Конвенциядаги эскирган ва бугунги кун воқелигига жавоб бермайдиган бир нечта қоидаларни чиқариб ташлаш ҳамда Конвенцияни мажбурий меҳнат мақсадидаги одам савдоси каби иллатларга қарши самарали курашга имкон берувчи нормалар билан тўлдириш мақсадида қабул қилинган.

Ушбу ҳужжат мажбурий меҳнатни олдини олиш, унинг қурбонларини ҳимоя қилиш ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишни таъминлаш бўйича янги мажбуриятларни белгилайди ва соҳадаги халқаро ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлайди.

Баённома қоидаларига мувофиқ ХМТнинг ҳар бир аъзоси:

1. ?ш берувчилар ва ходимлар манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан маслаҳатлашувлар асосида узоқ истиқболда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида миллий сиёсат ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқади.

2. Қуйидагиларни ўз ичига олувчи тегишли чора-тадбирларни кўради:

• алоҳида ҳимояга муҳтож шахсларни мажбурий меҳнат қурбонига айланишга йўл қўймаслик мақсадида уларни ўқитиш ва хабардорлигини ошириш;

• мажбурий меҳнатга оид қонунчиликнинг амал қилиш доираси барча ходимларга ва иқтисодиётнинг барча тармоқларига тадбиқ этилиши учун тегишли сай-ҳаракатларни амалга ошириш;

• давлат ва хусусий секторнинг мажбурий меҳнат хавфининг олдини олишга қаратилган фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

• мажбурий меҳнат хавфини оширадиган асосий сабаблар ва омилларни аниқлаш.

3. Мажбурий меҳнат қурбонларини аниқлаш, озод қилиш, ҳимоя қилиш ва реабилитация қилиш бўйича ҳамда бошқа турдаги ёрдам ва қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

Баённомада иштирок этиш миллий қонунчиликни халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ такомиллаштиришга ҳамда республиканинг ХМТ билан мажбурий меҳнатни тугатиш соҳасидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net