Элчи Ёдгорхўжа Шодмонов: Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг мунтазам мулоқоти давлатлараро ҳамкорлик ривожига кучли туртки берм

08.01.2021 15:16

ТОШКEНТ, 8 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президенти томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган муҳим халқаро ташаббуслардан бири Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмаклашувчи доимий қўмита тузиш ғояси бўлди. Ўзбекистон ушбу мамлакатнинг минтақадаги энг яқин қўшниси ва ҳамкори сифатида бугунги кунда Афғонистонда барқарор тинчликни ўрнатиш бўйича сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз қўшни давлат инфратузилмасини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда қатнашиб, қардош афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатмоқда.

Мамлакатимизнинг Афғонистонда иккита дипломатик ваколатхонаси — Кобулда элчихона ва Мозори-Шарифда Бош консулхона фаолият юритмоқда. «Дунё» АА мухбири Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов билан икки давлат ўртасида дўстлик муносабатлари қандай мустаҳкамланаётгани ва қўшни давлат билан муносабатларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида суҳбатлашди.

— Бутун дунё, шу жумладан, мамлакатимиз учун ҳам осон бўлмаган 2020 йил ортда қолди. Бундан ташқари, узоқ йиллар давомида Афғонистонда қанчалик мураккаб ички сиёсий вазият ҳукм сураётганини ҳамма яхши билади. Пандемия даври қийинчиликлари Сиз раҳбарлик қилаётган дипломатик ваколатхона фаолиятига қандай таъсир ўтказди? Бундай мураккаб шароитда халқаро миқёсда Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш ва муҳофаза қилиш қандай амалга оширилмоқда?

— COVID-19 пандемияси шароитида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонаси коронавирус муносабати билан жорий этилган профилактика чора-тадбирлари доирасида ўз фаолиятини давом эттирмоқда. 2021 йил 8 январь ҳолатига кўра, Афғонистонда 53 минг 332 киши коронавирус инфекциясига чалинган.  Шундан 43 минг 291 нафар бемор соғайди. Ушбу касаллик оқибатида 2 минг 257 киши вафот этган.  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва узоқни кўзлаган сиёсати самарасида мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар қисқа вақт ичида ўзаро ҳар томонлама манфаатли хусусият ва янги суръат касб этди. Бугун Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбарлари ўртасидаги мунтазамлик касб этган алоқалар давлатлараро ҳамкорлик ривожига кучли туртки бермоқда. 2020 йил давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон раҳбари Ашраф Ғани уч марта телефон орқали суҳбат қилди. ?кки мамлакат раҳбарлари яқин ва самарали мулоқот юритиш, ўзаро ишончга асосланган муносабат ўрнатишга муваффақ бўлди.

Бундан ташқари, 2020 йил Афғонистон юқори мартабали делегацияларининг Ўзбекистонга беш марта ва Ўзбекистон ҳукумат делегацияларининг Афғонистонга тўрт марта расмий ташрифлари ташкил этилди.

Ўзбекистон сўнгги йилларда афғон муаммосини ҳал қилиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга фаол қўшилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Афғонистон мавзусига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш масалалари БМТнинг диққат марказида бўлиши кераклигини қатъий таъкидлади.

Шу муносабат билан, «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш» таклиф қилинди. Ушбу қўмитанинг асосий вазифаси Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат бўлиши керак.

Ўзбекистон ҳукуматининг таклифига биноан, Афғонистон бўйича саккизинчи минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VIII) 2021 йилда Тошкентда ташкил этилади. Мазкур анжуман Афғонистон ?слом Республикаси иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик катта истиқболларга эга ва сўнгги уч йилда жадал ривож топмоқда.

Шуниси эътиборлики, пандемия шароитида ҳам Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро савдо-сотиқнинг ижобий динамикаси кузатилди. Биз чегараларни ёпмадик ва ўтган йили Афғонистон билан чегара юк ташиш учун очиқ қолди. Бунинг натижасида 2020 йил Афғонистон билан савдо ҳажми 130,1 фоизга ўсди. Бунда нафақат ўзаро товар айирбошлаш суръатининг кучаяётгани, балки Афғонистон бозорига экспорт қилинаётган Ўзбекистон маҳсулотлари ҳажми сезиларли тарзда ўсаётгани кузатилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Сурхондарё вилоятида Афғонистон чегарасига яқин жойда жойлашган «Термиз-Карго» халқаро логистика маркази фаолиятини таъкидлаш лозим. Ушбу йирик логистика терминали икки мамлакат ўртасида экспорт, импорт ва транзит юк оқимларини осонлаштирмоқда.

2020 йил элчихонамиз кўмаги билан Сурхондарё, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида 6 та истиқболли инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Ўтган йили Афғонистондан тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми 20,3 миллион долларни ташкил этди.

Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий қайта тиклашнинг асосий омили бўлган энергетика соҳасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, ушбу мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш ҳажми 2002 йилга нисбатан 30 бараварга ошди.

«Сурхон - Пули-Ҳумри» электр узатиш тармоғини бунёд этиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу тармоқнинг фойдаланишга топширилиши Афғонистоннинг энг долзарб муаммоси бўлган энергия тақчиллигини ҳал қилишга ёрдам беради.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 2018 йил январь ойида Термизда очилган Таълим марказида афғон ёшлари олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими йўналишларида билим олиш имкониятига эга бўлди.

Ҳозирги кунда элчихона кўмагида мазкур марказда 172 нафар афғон талабаси ўқитилмоқда. Улардан 119 нафари «Ўзбек тили ва адабиёти», 35 нафари «Ер усти транспорт тизимлари ва уларнинг ишлаши», 18 нафари «Акушерлик, гинекология ва ҳамширалик» йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда.

2020 йил декабрь ойида яна 10 нафар афғон талабаси Европа ?ттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган «Қишлоқ хўжалиги» йўналишидаги курсларда қатнашиш учун Термиз ўқув марказига келди.

— Сиз фаолият олиб бораётган давлатнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида тўхталсангиз. Ҳозирги босқичда ўзаро муносабатларимиз қандай ривожланмоқда?

— Афғонистон ҳар доим Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган. Тинч ва ссойишта Афғонистон Марказий Осиё мамлакатларига Ҳинд океани ва Форс кўрфази портларига энг қисқа йўл билан чиқиш имкониятини тақдим этиши, Жанубий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлаши мумкин.

Биз Афғонистон барқарорлигини мамлакатимиз хавфсизлиги, бутун улкан минтақа учун тинчлик ва фаровонлик гарови, деб биламиз. Шу боис Ўзбекистон доимо Афғонистонда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдори бўлиб келган, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ҳамда йирик инфратузилмавий ва гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш орқали қўшни мамлакат иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантириш, афғон халқининг турмуш даражасини яхшилашга катта ҳисса қўшмоқда.

Республика раҳбарияти Афғонистонни минтақавий муаммолар ва таҳдидлар манбаси эмас, балки бутун Евросиё маконида кенг трансминтақавий алоқаларни ривожлантириш учун стратегик имконият сифатида қарайди.

Биз Афғонистон иқтисодиётини тиклашни мамлакатда узоқ муддатли ва барқарор тинчликка эришиш учун энг муҳим шарт, деб биламиз.

Савдо-сотиқ алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ўзаро савдони рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шу жумладан, трансчегаравий савдо салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш ва имтиёзли савдо тўғрисида битим тузишга тайёр.

Мамлакатимизда экспорт масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афғонистон Ўзбекистон учун яқин ва истиқболли бозор ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, улкан транспорт ва энергетика салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Афғонистон учун фойдалидир.

Ўзбекистон Афғонистон бозорига машинасозлик, электротехника, кимё ва тўқимачилик саноати товарлари, замонавий енгил ва юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги техникаси, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни давом эттиради.

— Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида республикамизнинг турли тармоқлари, шу жумладан, ташқи сиёсат соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Шу муносабат билан, давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш учун янги йилдаги фаолиятни қандай ташкил этаяпсиз?

— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни парламентга Мурожаатнома йўллади. Ушбу муҳим тадбирда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари билан бир қаторда ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви раҳбарлари, Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари ҳам иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, давлат ва жамият бошқарувини такомиллаштириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг кўплаб йўналишларида муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу дастур мамлакатни ривожлантириш, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тинчлигини таъминлаш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш, шунингдек, очиқ иқтисодиёт барпо этиш, унда давлат иштирокини камайтириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити, аҳолининг турмуш шароитини тубдан яхшилашда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида афғон инқирозини ҳал қилиш, қўшни мамлакатнинг барқарор ривожланиши, шунингдек, ушбу давлат билан ҳар томонлама алоқаларни янада кенгайтириш масалаларига яна бир бор алоҳида эътибор қаратди.

Бундан келиб чиқиб, элчихона эришилган марра ва ютуқларда тўхтаб қолмайди.  Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан барқарорлаштириш, савдо-иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, умумминтақавий аҳамиятга молик бўлган транспорт лойиҳаларини амалга ошириш ва афғонларнинг кадрлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмак бериш учун бор куч-ғайратимиз ва билимимизни сафарбар этамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net