Элчи Маниш Прабҳат: Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларида ишончли шериги ҳисобл

06.07.2021 12:24

ТОШКЕНТ, 6 июль. /«Дунё» АА/. 15-16 июль кунлари Тошкентда “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференция бўлиб ўтади. Ушбу халқаро анжуман арафасида “Дунё” АА мухбири Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат билан суҳбатлашди.  

- Муҳтарам элчи жаноблари, ижозатингиз билан суҳбатимизни сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари мавзусидан бошласак...

- Сизларнинг оммавий ахборот воситангиз орқали ўқувчилар билан мулоқот қилишимга имконият яратгани учун  «Дунё» ахборот агентлигига миннатдорлик билдираман.

Ўзбекистон Ҳиндистон учун минтақадаги энг муҳим шериклардан бири ҳисобланади. Биз Афғонистон иштирокида ўтказиладиган ташқи ишлар вазирлари даражасидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё мулоқоти”  Ҳиндистон ва Ўзбекистоннинг биргаликдаги ташаббуси билан бошланганини кўришимиз мумкин. Ушбу Мулоқотнинг биринчи йиғилиши 2019 йил январь ойида Самарқандда ўтказилган эди. Бу бутун минтақамизнинг ўзгариши бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда Ҳиндистон ҳам, Ўзбекистон ҳам бир-бирини муҳим шерик сифатида билишини кўрсатади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон стратегик шериклар ҳисобланади, ҳар икки мамлакат имкон бўлган барча соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда мустаҳкам шериклигимизнинг асосида илдизлари асрлар қаърига бориб туташадиган дўстлик ётади. Ўзбекистоннинг жанубий қисмида сақланиб қолган буддавийлик маданияти ёдгорликлари бизларнинг маданий ва цивилизациялараро ўзаро боғлиқлигимиз нақадар кўҳна эканлигидан далолат беради. Бутун тарих давомида халқларимиз ўртасида фаол савдо-сотиқ ва тижорат алоқалари бўлган, уларнинг натижасида ғоялар, урф-одатлар, маданий анъаналар алмашувлари рўй берган, тиллар бир-бирига таъсир кўрсатган.

Бугунги кунда мамлакатларимиз етакчилари – Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев барча соҳалардаги икки томонлама муносабатларимиз доирасини кенгайтириш бўйича, шу жумладан, сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш, савдо, инвестиция ва иқтисодий битимлар тузиш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш юзасидан яқин ҳамкорлик қилмоқдалар.

Сўнгги беш йил мобайнида икки мамлакат етакчилари бир неча маротаба учрашдилар. Ҳиндистонга ва Ўзбекистонга ташрифлар бўлиб ўтди. 2020 йил 11 декабрь бўлиб ўтган виртуал саммит натижасида қабул қилинган Қўшма баёнотда кўп қиррали ўзаро ҳамкорлик олқишланди. Турли соҳаларни қамраб олган тўққизта битим имзоланди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу Ўзбекистон учун тарихда бошқа мамлакат билан ўтказилган биринчи икки томонлама виртуал саммит бўлди. Бу ҳам давлатларимиз ва уларнинг етакчилари ўртасидаги ўзаро муносабатлар чуқур эканлигини кўрсатади.

Бугунги кунда икки томонлама муносабатларда кўпгина масалалар бўйича қарашларнинг ўхшаш эканини кўриш мумкин. “Ҳиндистон – Марказий Осиё мулоқоти”, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти сингари минтақавий тузилмаларда бирга иш олиб бормоқдамиз, Афғонистон муаммоси бўйича бир-биримиз билан мунтазам равишда маслаҳатлашаётирмиз. Ҳиндистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Хавфсизлик Кенгашининг 2021-2022 йилларда доимий бўлмаган аъзоси ҳисобланади.

Ўзбекистон тарихда биринчи марта БМТнинг ?нсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб, уч йиллик муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Бу бизларнинг кўп томонлама форматдаги ҳамкорлигимизни ривожлантириш учун катта имкониятлар эшикларини очди. 

Савдо-сармоявий алоқаларимиз мустаҳкамланмоқда. Биз товар айланмаси ҳажмларини 1 миллиард АҚШ долларига етказишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Бу мақсад йўлида фаол иш олиб бормоқдамиз. Ҳиндистоннинг фармацевтика, ахборот технологиялари ва таълим соҳасида хизматлар кўрсатиш компаниялари томонидан Ўзбекистонга сармоя киритиш учун яхши истиқболлар мавжуд.

Аллақачон Ҳиндистоннинг учта университети - «Амити», «Шарда» ва «Самбхарам» Тошкент, Андижон ва Жиззахда фаолият кўрсатмоқда.  Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданий маркази Тошкентдаги фаолиятининг 25 йиллигини муваффақият билан нишонлади. Ушбу марказда йога, ҳинд тили ва катхак мумтоз рақс санъати сингари жуда оммабоп йўналишларда дарслар олиб борилади. Раж Капур даврларидан буён ҳинд фильмлари Ўзбекистонда оммабоп саналади.

Биз барча соҳаларда Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашни, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлигимиз ривожланишига ёшларни фаол жалб этишни истаймиз. Пандемиянинг янги хатарлари босқичида мамлакатларимиз соғлиқни сақлаш ва вакцина соҳаларида ҳамкорлик қилаётганини ҳам қайд этишни истар эдим.

- Сиз Ўзбекистондаги хорижий давлатнинг дипломатия ваколатхонаси раҳбари сифатида Тошкентда бўлиб ўтажак “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусида юқори даражадаги халқаро конференцияда иштирок этасиз. Сиз бу тадбирдан нималарни кутаётганингизни билишни истар эдик.

- Ҳиндистон олдинда турган халқаро конференцияни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини олқишлайди. Унда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманьям Джайшанкар иштирок этади.

Жаҳоннинг барча етакчи мамлакатлари, молия институтларидан қатнашадиган иштирокчиларнинг юқори даражаси ҳисобга олинар экан,  бу форум Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида барқарор ва самарали ўзаро боғлиқликни яратиш ғоясини муҳокама этиш учун тарихий платформа бўлиши кутилмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари бевосита денгизга чиқиш йўлига эга эмас. Бу йўналишда Ҳиндистон Марказий Осиё ва МДҲ минтақаларининг жанубий йўналишлари орқали ўзаро боғлиқликни ўрнатиш учун кўпдан буён иш олиб бормоқда.

2000 йилдан буён Ҳиндистон  “Шимол – Жануб” халқаро транспорт йўлагини яратиш устида Эрон ва Россия билан ишламоқда. Афғонистон билан ер усти алоқа йўлларини ривожлантиришда эса Ҳиндистон Эрондаги Чобаҳор  бандаргоҳи орқали муваффақиятли ишлаш тажрибасини кўрсатди. Ҳиндистон аллақачон бу бандаргоҳ орқали Афғонистонга контейнерларда юк етказиб берди, Афғонистон эса Чобаҳор  бандаргоҳи орқали тижорат товарларини Ҳиндистонга жўнатди. Мазкур бандаргоҳ орқали ўзаро боғлиқлик шимолий йўналишда, яъни Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан темир йўл ва автомобиль йўллари воситасида алоқаларни ривожлантиришда давом эттирилиши мумкин.   

Ҳиндистон, Ўзбекистон, Эрон ва Афғонистон Чобаҳор  бандаргоҳидан фойдаланиш бўйича ташаббусларни илгари суриш устида биргаликда иш олиб бормоқда. Менимча, яқинлашиб келаётган халқаро конференцияда масала ҳар томонлама тўғри англанишини ривожлантириш учун минтақавий ўзаро боғлиқлик ҳам иқтисодий, ҳам маданий нуқтаи назардан муҳокама этилади.  

Минтақамиздаги террорчилик, радикализм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва бошқа ана шундай жиддий муаммоларни назардан қочирмаслигимиз лозим. Улар ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун жиддий хавф-хатарлардир. Афғонистон муаммосининг муваффақиятли ҳал этилиши ҳам минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар аниқ-равшан воқеликка айланиши нуқтаи назаридан жуда муҳим ҳисобланади.

- Сиз конференция натижалари Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланиши нуқтаи назаридан қандай аҳамият касб этади, деб ўйлайсиз?

- ?шончим комилки, конференция бундан кейинги саъй-ҳаракатлар нуқтаи назаридан унинг барча иштирокчилари ўртасида бир-бирини тўғри тушунишни ривожлантиришга кўмаклашади. Ўзаро боғлиқликнинг йўлга қўйилиши – жиддий масала ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида савдо-сотиқ ва сармоялар салоҳиятини очиш, одамлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг калитидир.

Ҳиндистонга жуда йирик бозор сифатида қараш лозим. Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасида, сўнгра Ҳиндистон орқали Жанубий-Шарқий Осиё бозорларига кириш учун барқарор алоқа йўлларининг бўлиши ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё учун улкан имкониятлар эшикларини очади.

Ҳиндистон Ўзбекистоннинг минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларида ишончли шериги ҳисобланади ва бу Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик учун катта рағбат бўлиб қолади.

Агар Ўзбекистондан дунёга донғи кетган мева ва сабзавотлар ҳамда унинг ишлаб чиқариш саноати маҳсулотлари ҳинд бозорида, Ҳиндистоннинг фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик ва машинасозлик маҳсулотлари сизнинг мамлакатингиз бозорида ўз харидорларини топса мен жуда хурсанд бўлар эдим. Келинг, буни Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро боғлиқликнинг муваффақиятли йўлларини барпо этиш ҳисобидан амалий воқеликка айлантирайлик.

Элчи жаноблари, саволларимизга батафсил жавоб берганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Сизга Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятингизда муваффақиятлар тилаймиз.

- Раҳмат!

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net