“ЭКСПО 2020 Дубай”: Ўзбекистон Республикаси миллий куни очилди

08.12.2021 15:13

ДУБАЙ, 8 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Дубайдаги “Leadership Pavillion” павильонида “ЭКСПО 2020 Дубай” Бутунжаҳон кўргазмаси доирасида мамлакатимиз тарихи, замонавий тараққиёти ва салоҳиятига бағишланган кенг кўламли тантанали тадбир - Ўзбекистон Республикаси миллий куни очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон ва БАА байроқларининг кўтарилиши ва мадҳиялар ижроси билан бошланди.

Меҳмонларни БАА Вазирлар Маҳкамаси аъзоси, бағрикенглик ва биргаликда яшаш вазири Шайх Наҳаён бин Муборак ан-Наҳаён ва Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов қутлади.

Тадбирда икки давлат ҳукумати аъзолари, Ўзбекистон ва БААнинг ижодкор зиёлилари, ишбилармон доиралари ва кенг жамоатчиликнинг таниқли вакиллари, шунингдек, «ЭКСПО 2020 Дубай» кўргазмасига ташриф буюрган меҳмонлар иштирок этди.

– Бугун Дубайдаги Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон миллий куни бўлиб ўтмоқда. Бу мамлакатимиз учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам жуда муҳим воқеа бўлди, - деди Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консули Алишер Саломов. – Тадбирда иштирок этиш учун Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Ўзбекистон томони ушбу тадбирга жуда пухта тайёргарлик кўрди. Кенг кўламли маданий дастур тайёрланди, меҳмондўст ўзбек дастурхони ёзилди. Чунки Бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистон миллий куни нафақат БАА аҳолисини, балки бутун дунёдан кўргазмага кўплаб ташриф буюрувчиларни мамлакатимиз тарихи ва замонавий тараққиёти билан таништириш имкониятини беради. Биз бу ерда буюк тарихимиз ва меросимиз, бой маданиятимиз, замонавий тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик салоҳиятимизни намойиш этишдан фахрланамиз.

Тадбир дастуридан Ўзбекистон санъат усталари иштирокида миллий мусиқа маданияти ва мумтоз асарларини кенг оммага тақдим этадиган сермазмун концерт дастури намойиш этилади. Меҳмонлар “Ўзбекистон” павильони бўйлаб қизиқарли экскурсиялардан баҳраманд бўлади. Ўзбек халқининг меҳмондўстлигининг энг яхши анъаналарида ўзбек миллий таомлари тақдимоти ҳам байрамнинг ажралмас қисмига айланди.

“ЭКСПО 2020 Дубай ” кўргазмасидаги Ўзбекистон павильони маданий дастурининг расмий ҳамкори мамлакатимизнинг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳисобланади. Павильон 1 минг 739 квадрат метр майдонда жойлашган бўлиб, “Мобиллик” шиори остида концептуал равишда Буюк ипак йўли бўйлаб саёҳатни ифодалайди, замонавий Ўзбекистон муваффақиятига олиб келган ўтмишни ўрганиш имконини беради. Павильоннинг учта эллиптик шаклдаги иншооти Буюк ипак йўлидаги учта тарихий шаҳар – Самарқанд, Бухоро ва Хива рамзидир.

Кўргазмада иштирок этиш доирасида бу ерда мамлакатимиз мероси, маданияти ва салоҳияти билан таништирувчи қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Хусусан, 27 ноябрь куни «Dubai Opera» саҳнасида “Лазги – қалб ва муҳаббат рақси” балет спектаклининг премьераси бўлиб ўтди. 29 ноябрь куни “Жамият ижтимоий ҳаётини модернизация қилишда хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида Ўзбекистон сессияси ташкил этилди. 30 ноябрь куни «Jubilee Park EXPO 2020» саҳнасида ўзбек пианиночиси Беҳзод Абдураимов халқаро аудиторияга ўз маҳоратини намойиш этди.

Тадбир давом этмоқда. У дунё ва Амирликлар матбуотида кенг ёритилмоқда.

 

 

Анвар ?лёсов олган фотосуратлар («Дунё» АА)

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net