ДХА Коррупцияга қарши курашиш менежменти бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификатини қўлга киритди

28.01.2021 11:45

ТОШКЕНТ, 28 январь. /«Дунё» АА/. Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) Коррупцияга қарши курашиш менежменти бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификатини қўлга киритди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ДХА матбуот хизмати маълумотига кўра, СЕRT International компанияси мутахассислари томонидан Агентлик тизимида икки босқичдан иборат аудит текширувлари ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, Агентлик  ISO 37001:2016 «Коррупцияга қарши курашиш менежменти тизими» халқаро стандарти бўйича сертификатни қўлга киритишга муносиб деб топилди.

Ушбу сертификат Агентлик томонидан давлат хизматларини жорий этиш ва ривожлантириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатишни амалга оширишда  давлат хизматлари марказлари фаолияти устидан назорат қилиш, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлардан хайрия эҳсонлари ва ҳомийлик маблағларини олиш ва сарфлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бадаллари, шунингдек грантларни қабул қилиш ва бошқа йўналишларни қамраб олади.

ДХА давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида шаффофликни таъминлаш фуқароларга тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш мақсадида ташкил этилган.

Соҳада коррупцияга қарши курашиш комплаенс тизими 2019 йил якунидан эътиборан жорий этила бошланган.

Хусасан KPMG халқаро компанияси томонидан 2019 йил ноябрь-декабрь ойларида Агентлик тизимида мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш ишлари амалга оширилди.

Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури ҳамда KPMG компанияси мутахассисларининг кўмагида коррупцияга қарши курашишнинг асосий йўналишлари, ходимларининг расмий хулқ-атвор ва одоб-аҳлоқ нормалари тўғрисидаги қўшимча низом, тизимга алоқа каналлари орқали келиб тушадиган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ишлаб чиқилди.

Ҳозирги кунда коррупцияга алоқадор мурожаатларни қабул қилиш бўйича «1148» рақамли «ишонч телефони», Адлия вазирлигининг «@anticorbоt» Telegram-канали ва Агентликнинг «@davxizmataloqa_bоt» Telegram-канал фаолияти йўлга қўйилган.

Бундан ташқари Давлат хизматлари марказларида фуқароларнинг навбатини бошқаришнинг шаффоф тизимини шакллантириш мақсадида «QUMATIC» электрон навбат тизими жорий этилди. Ҳозирда фуқаролар марказларнинг биносига бормасдан туриб ҳам электрон навбат олиш имкониятига эга.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net