Деҳли – Лондон йўналишида автобусда ташкил қилинадиган саёҳат Ўзбекистон орқали ўтиши маълум қилинди

10.09.2020 16:50

ТОШКЕНТ, 10 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ҳиндистоннинг «Adventures Overland» сайёҳлик агентлиги ўз мижозларига Деҳлидан Лондонгача автобусда саёҳат турини таклиф этяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

«Халқ сўзи» газетаси хабарида келтирилишича, ушбу саёҳат 70 кун давом этади ва қарийб 20 минг километр масофани босиб ўтишни талаб қилади. Бунда автобус Ҳиндистон пойтахтидан Буюк Британия марказига қадар бўлган масофани кўплаб манзиллар бўйлаб босиб ўтади.

Деҳлидан йўлга чиққан транспорт аввалига Мьянма орқали Таиландга йўл олади, Буюк Хитой деворидан ўтиб, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистонни ҳам кесиб ўтади ва Москвага йўл олади. Сўнг Болтиқбўйи ва Марказий Европа давлатлари орқали Лондонга етади. Шу тариқа саргузаштсевар сайёҳлар Европа ва Осиёдаги 18 та мамлакатда бўлади.

Пандемия билан боғлиқ вазият сабаб илк саёҳатни 2021 йил ўрталарида ташкил этиш режалаштирилган.

«Апрель ва июнь ойлари бундай саёҳат учун энг яхши вақтдир. Чунки бу вақтда Ҳиндистондан Мьянма орқали Хитой ва Қирғизистон тоғларини кесиб ўтиш мумкин бўлади» дейилади «Adventures Overland» сайёҳлик агентлиги манбасида.

Йўловчиларнинг умумий сони 20 кишини ташкил қиладиган саёҳат нархи бир киши учун ўртача 20 минг доллар атрофида баҳоланмоқда. Мазкур турга йўналишнинг маълум қисмидан ҳам қўшилиш мумкин.

Қайд этилишича, саёҳатнинг ҳар бир босқичида меҳмонларга маҳаллий тилмочлар ҳамроҳлик қилади. Айни пайтда ушбу саргузаштга 40 мингдан ортиқ киши қизиқиш билдирган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net