Даниялик ватандош Ўзбекистонда мева ва полиз маҳсулотлари етиштириш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини ўрганмоқда

14.08.2020 17:01

БРЮССЕЛЬ, 14 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикасининг Бельгия Қироллигидаги элчихонаси вакиллари хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида «Beumer Group A/S» компанияси етакчи муҳандиси, даниялик ватандош Дониёр Бавабеков ва Наманган вилояти хокимлиги вакиллари иштирокида онлайн мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мулоқот аввалида ваколатхона раҳбари Дилёр Ҳакимов мамлакатимизга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, чет эл бренд компанияларининг ваколатхоналарини очиш ва қўшма корхоналарни кўпайтириш орқали республикамизда ишсизлик даражасини камайтириш ҳамда экспорт ҳажмини оширишга катта эътибор қаратилаётгани ҳақида тўхталди.

Шунингдек, мазкур вазифаларни амалга оширишда хорижда яшаётган ва бой илмий тажрибага эга ватандошларнинг ўрни юқори экани таъкидланди. COVID-19 пандемияси билан боғлиқ бугунги мураккаб вазиятга қарамасдан Ўзбекистоннинг чет мамлакатлардаги барча дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари шу йўналишда фаол иш олиб бораётгани маълум қилинди.

— Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боряпман, – деди Дониёр Бавабеков. – Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хорижликларга фахр билан айтиб бераман. Шунингдек, ушбу жараёнларга кузатувчи сифатида эмас, балки бевосита қатнашишни ўз олдимга мақсад қилганман.

Д.Бавабеков узоқ йиллар давомида Дания ва Европадаги маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Айни пайтда ишончли ҳамкорлар билан биргаликда мамлакатимизда мева маҳсулотлари ҳамда полиз экинлари етиштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифларни ўрганяпти.

Ватандошнинг бизнес лойиҳасига кўра, маҳсулотларни етиштириш ва парваришлаш жараёни тўлиқ хорижий технологияларга асосланади. Маҳсулотлар Европа бозорларида Ўзбекистон бренди остида етказиб берилади.

– Яқинда мамлакатимиз ҳудудларининг об-ҳаво шароити ва ер унумдорлигини ўргандим, – деди Д.Бавабеков. – Хорижлик ҳамкорлар билан маслаҳатлашиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга ҳам эришдик.

Ўз навбатида, Наманган вилояти хокимлиги вакили, ?нвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг Хорижий алоқалар бўлим бошлиғи ?.Жўраев мамлакатимизда хорижий ва маҳаллий тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини юритишдаги ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонунчилик билан белгиланган кафолатлар хусусида ахборот берди.

Вилоятнинг иқлим шароити, ер ресурслари, деҳқончилик қилиш учун кенг имкониятлар ҳамда ишлаб чиқариш билан шуғулланишдаги қулайликлар тўғрисида маълум қилинди. Вилоятнинг фарқли ва устун томонлари, тадбиркорлар фаолият юритишлари учун имкониятлар кўлами юқори эканига эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида карантин тартиблари юмшатилгач, ватандош ва хорижлик ҳамкорларнинг Ўзбекистонга сафарини ташкил қилишга келишиб олинди.

 

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net