ТОШКЕНТ, 18 март. /«Дунё АА/. Ўзбекистон делегацияси Покистон портлари инфратузилмасини ўрганиш ва икки томонлама музокараларни ташкил этиш мақсадида 13-17 март кунлари Покистонда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, ташриф давомида Покистон Денгиз ишлари вазирлиги раҳбарияти, Покистон Миллий кемачилик корпорацияси, Юк ташиш компаниялари ассоциацияси ва логистика компаниялари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, «Қосим», «Карачи» ва «Гвадар» портларининг инфратузилмаси ва технологияси билан танишилди.
Покистон портларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон йўналиши самарадорлигини ошириш бўйича ишларни фаоллаштириш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокаралар якунида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Покистон Денгиз ишлари вазирлиги ўртасида баённома имзоланди.